Ёшлар туризм бўйича ҳамкорлик қилади

Форум иштирокчилари дастлаб "Конигил-мерос" корхонасида Самарқанд қоғозининг қадимий усулда ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди. "СамАнтепгилам" қўшма корхонасида замонавий технологиялар асосида тайёрланаётган гилам ва гилам маҳсулотлари тадбир қатнашчиларида қизиқиш уйғотди.
Амир Темур мақбараси, Регистон мажмуаси сингари бир неча асрлик тарихга эга обидаларнинг ўзига хос архитектураси, уларнинг кўрку салобати россиялик меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирди. 

Форум доирасида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида "Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида ёшлар туризмини ривожлантириш масалалари ва истиқболлари" мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Д.Нарзиқулов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ҳузуридаги ёшлар туризми агентлиги директори А.Норхўжаев юртимизда сайёҳликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ёшлар туризмига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

Ўз навбатида россиялик ёшлар ўз мамлакати туризм салоҳияти, хусусан, ёшлар учун яратилган қулайликлар ҳақида маълумот берди.
– Тошкент, Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари билан танишиб, Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш имкониятлари кенг эканлигига амин бўлдик, – дейди Россия ёшлар иттифоқи раиси ўринбосари Т.Селиверстова. – Бу, аввало, ёшларнинг ўз тарихи, маданиятини пухта ўрганган ҳолда камолга етишига ёрдам беради. Мазкур тармоқда ўзбекистонлик ёшларнинг ҳам фаол иш олиб бораётгани, кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётгани эса жуда қувонарлидир. Ўйлайманки, бу борада ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишимиз ўзбек ва рус ёшлари учун ҳар томонлама манфаатли бўлади.
Давра суҳбати якунида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ҳузуридаги ёшлар туризми агентлиги ҳамда Россия Федерациясининг Волгоград шаҳри маъмурияти ёшлар сиёсати ва туризм масалалари қўмитаси ўртасида сайёҳлик соҳасида ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари М.Восеев иштирок этди. 

Ўз мухбиримиз.