Ёшлар уруш хотиралари билан қанчалик таниш?

Биз  ўзимизни чин маънода омадли ва бахтли авлод деб ҳисоблашимиз мумкин. Тинч-осойишта замонда, ҳур ва обод диёрда яшаяпмиз. Бунда улуғ аждодларимиз – оталаримизнинг ҳиссаси беқиёс.

Президентимиз таъкидлаганидек, уларга ғамхўрлик қилиш, умрларини узайтириш учун барча шароитларни яратиш ҳаммамизнинг фарзандлик бурчимиздир. Бугун истиқлол шарофати билан ўша мудҳиш уруш йиллари азобини тортган ва тирик қолишга муваффақ бўлган омадли кишилар (афсуски, уларнинг сафи йилдан йилга камайиб бормоқда) ҳақли равишда бахтли ҳаёт гаштини суришга муяссар бўлмоқдалар ва уларга халқимиз, ҳукуматимиз, қолаверса, шахсан президентимиз томонидан юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилмоқда. 

Маълумотларга кўра, Иккинчи жаҳон уруши арафасида Ўзбекистонда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган, шундан 1,5 миллион нафар юртдошимиз жанг майдонларига сафарбар этилган. Улардан 500 минг нафардан зиёдроғи уруш ўчоқларида ҳалок бўлган, 200 мингдан зиёди майиб-мажруҳ бўлиб қайтган. Қанчасининг бедарак йўқолгани ҳисобга олинадиган бўлса, бу ғалаба халқимиз учун нақадар қимматга тушгани яққол намоён бўлади. 

Айнан ўзбек халқи уруш йилларида чинакам матонат ва жасорат кўрсатгани тарих китоблари ва халқ орасида юрган ривоятлардан маълум. Юртимизга бир миллион нафарга яқин киши эвакуация қилингани, уларнинг 200 мингдан зиёди болалар бўлгани ҳақида жуда кўп марталаб эсланади, эътироф этилади. Оддий ўзбек хонадонлари бу болаларни ўз бағрига олгани, тошкентлик Шомаҳмудовлар оиласи, каттақўрғонлик Самадовлар оиласи, бухоролик Жўраев ва Ашурхўжаевлар оиласи ҳақида ҳатто кинофильмлар яратилган. Уруш билан боғлиқ бу каби қаҳрамонликларни яна кўплаб келтириш мумкин. 

Пойтахтимизда, шунингдек вилоят марказларида жанг майдонларида ҳалок бўлганларнинг рўйхатини ўз ичига олган кўп жилдлик “Хотира” китоби чоп этилди. Хотира майдонида ажойиб мажмуа қурилиб, ҳалок бўлган ҳар бир қаҳрамоннинг номи зарҳал ҳарфлар билан битилди. 

Мустақиллик йилларида Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти фахрийларини эъзозлаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида эътиборга молик ишлар қилинди ва бу ҳар йили мунтазам амалга оширилмоқда. 

Бугун ҳаётимизда “Инсон хотираси улуғ, тирикларни қадрлаш лозим” деган инсоний анъана, қадрият шаклланиб улгурди. Уларнинг қаҳрамонлиги қалбларимизга фахр туйғусини бағишлайди. Ўтганларнинг хотирасига бош эгиб таъзим қиламиз, ҳаёт бўлганларини эса эъзозлаймиз. 

Таълим муассасамизда ташкил этилган “Хотира ва қадрлаш куни”га бағишланган тадбирда бир иштирокчи жуда ҳақ гапни айтди. “Биз уруш ҳақида деярли эсламай қўйдик ёки жуда кам ҳолларда эслаймиз. Бугунги ёш авлод бу мавзуни, Иккинчи жаҳон уруши ва у ҳақидаги хотираларни яхши билмайди. Интернетдан олинган, баъзида асосли, баъзида асоссиз маълумотлар уларнинг онгини эгаллаб олган. Урушнинг тирик гувоҳлари хотираларидан баҳраманд бўлишмаган...”

Бу ҳақ гап. Бугун ёшларга уруш даҳшатлари ҳақида ҳикоя қилиб берувчилар саноқлигина қолган. Самарқанд вилоятида улар бор-йўғи 26 нафар кишини ташкил қилади.

Ўйлайманки, Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари келтирган даҳшатли оқибатлар, умуман, уруш фожиаси ҳақидаги мулоҳазаларимиз ҳозирги ёш авлодлар учун фойдадан холи бўлмайди. Зеро, улар билан танишган ҳар бир шахс бугун озод юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етади ва уни асраб-авайлайди.

Худойназар Юнусов,

СамВМИ ректори.