Ёшлар ва мустақиллик сабоқлари: Авлодларни бирлаштирган қадриятлар

Самарқанд халқаро технология университетининг “Ўзбек тили ва маданияти” маркази профессор-ўқитувчилари томонидан 2024-2025-ўқув йилида талабалик бахтига муяссар бўлган биринчи босқич талаба-ёшларининг илк сабоғи “Биз бир бўлсак ягона халқмиз-бирлашсак ватанмиз!” шиори остида “Мустақиллик дарслари” билан бошланди.

Мустақиллик дарси давомида, республикамизнинг истиқлол йилларидаги тараққиёт йўли, мустақиллик берган имкониятларнинг аҳамияти ҳамда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий соҳада эришилган ютуқлар хусусида сўз борди.

Самарқанд халқаро технология университети технология соҳасига ихтисослашган бўлсада, юртимиздаги бошқа олий таълим муассасаларидан фарқли равишда, университет қошида илк бор Ўзбек тили ва маданияти маркази давлат тилига юксак ҳурмат ва муҳаббат намунаси ўлароқ ташкил этилди. Марказнинг асосий вазифаси ўзбек тилини талабалар ва хорижлик профессорлар ўртасида тарғиб этиш, халқимизнинг қадим тарихи ва маданияти, аждодларимизнинг бой маънавий меросини тараннум этиш, ўзбек миллий санъат турлари хусусан, рақс, мақом санъати, шунингдек, қўшиқчилик ҳамда рассомчилик санъатининг бор жозибасини намойиш қилиш, талабаларни она Ватанга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашдан иборатдир.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда “Ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадрятдир”. Бугунги кунда мазкур марказ профессор-ўқитувчилари томонидан талабаларни баркамол инсон сифатида камол топтириш, умуман олганда, халқнинг чин фарзанди этиб тарбияланишлари учун саъй-ҳаракат қилмоқдалар.

Ўзбек тили ва маданияти маркази томонидан талабаларга ўзбек тили ва маданияти асослари фани модули киритилган бўлиб, фан учун 3 кредит соат ажратилган. Шу ўринда мазкур марказ профессор-ўқитувчиларининг илмий салоҳияти ҳам 90 фоиздан юқорилигини ҳам қайд этмоқ жоиз. Дарсларда талабалар ўзбек тили билим даражасига кўра икки гуруҳга бўлинадилар. Биринчи гуруҳга умумий ўрта таълим мактабида таълим тили ўзбек тили бўлмаган талабаларни қамраб олган бўлиб, уларга ўзбек тили ва маданияти, тарихи, санъати хусусидаги маълумотлар соддароқ тарзда, қизиқарли маълумот ва фактлар асосида етказилади. Иккинчи гуруҳ эса мактабда бевосита ўзбек тилида таълим олган талабалардан иборат. Бу гуруҳдаги талабалар ўзбек тилида нутқ услублари, матнларни таҳлил қилиш амалиёти, давлат тилида иш юритиш асосларини ўзлаштирадилар.

Дарсларнинг мавзулар кесимида сайёр дарслар шаклида ташкил этилиши талабаларнинг турли музейлар фаолияти ва тарихий обидалар билан танишишлари учун қулай имконият яратмоқда. Мазкур фан доирасида махсус “Ватан сабоқлари” дарси ташкил этилган бўлиб, зикр этилган ушбу дарс Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Шуҳрат» медали, “Эл-юрт ҳурмати ордени” соҳибаси, шоира Хосият Бобомуродова томонидан олиб борилмоқда. Ушбу дарсда талабалар ватан сўзининг мазмун-моҳияти, уни севиш, ардоқлаш, тинчлик ва осойишталик неъматига шукроналик билан яшаш, ватаннинг содиқ фарзанди сифатида унинг тараққиёти йўлида камбарбаста бўлиш, ватан ва халқ тушунчасининг чамбарчас боғлиқлиги каби масалаларни таҳлил қиладилар. Халқимизнинг ардоқли адиб ва шоирларининг асарларини мутолаа қилиш орқали ўзларидаги ватанпарварлик ҳиссини янада сайқаллантирадилар.

Қайд этиш жоизки, бугун ёшларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, бузғунчи, ёт ғоя ва мафкураларга қарши тура оладиган интеллектуал етук шахс даражасига кўтариш ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва долзарблик касб этмоқда. Шундай паллада давлат раҳбарининг Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш ғоясини ўртага ташлагани ва уни миллатимиз ва давлатимиз учун ҳаёт-мамот масаласи даражасига кўтараётгани ҳам аслида мана шундай улуғ мақсадларни қамраб олган. Шу нуқтаи назардан Самарқанд халқаро технология университети қошида ташкил этилган Ўзбек тили ва маданияти маркази айни мақсад ва вазифалар ижросини таъминлашни мақсад қилиб олганлигини таъкидламоқ лозим.