Ёшларни ахборот хуружлари ва мафкуравий таҳдидлардан қандай ҳимоя қиляпмиз?

Бугунги кунда мафкуравий таҳдидлар аҳолининг маълум бир қатламлари, айниқса, ёшларнинг қарашларини ўзларига маъқул бўлган йўналишда ўзгартириш, ёлғон ахборот, диний экстремизм, ахлоқсизлик каби бузғунчи ғояларни сингдиришга уринишдек кўринишларда содир бўлмоқда.

Ҳозирги таҳликали замонда интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-ахлоқни емирувчи иллатлар ҳар бир онгли кишини ташвишга солиши аниқ.

Кейинги пайтларда интернет билан боғлиқ бузғунчиликлар, глобал тармоқдан қабиҳ мақсадда фойдаланаётганлар кўпайиб боряпти. Оқибатда, залолатга бошловчи электрон нашрлар ва видеолавҳалар кенг ёйилмоқда.

Ғаламис кимсалар ёшларни ўз тузоғига илинтиришда интернетдан усталик билан фойдаланмоқда. Ўзларини “яқин дўст” сифатида танитиб, ёшларни тўғри йўлдан чалғитмокда. Аслида, уларнинг дин ва шариат ҳақида умуман илмлари йўқ, фақатгина тўда бошидан ёдлаб олганларини такрорлашдан нарига ўтишмайди. Бошқа томондан қараганда, улар бу жоҳиллиги билан бошқаларни ҳам жар ёқасига тортаётгани ва кимнингдир ноғорасига ўйнаётганини билмайди. Бундайлар аввал дину диёнат, ибодат, жаннат ҳақида турли жозибали сўзларни гапириб, ғўр ёшларни йўлдан уриб, охир-оқибатда разолат қурбонига айлантирмоқда.

Дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар барчамиздан ёшлар тарбиясига янада эътиборли бўлишни талаб этади. Бугунги шиддатли глобаллашув даврида ёшлар онгу шуурини интернет орқали кириб келаётган зарарли ғоя ва таъсирлардан самарали ва ишончли ҳимоялаш тобора долзарб масалага айланмоқда. Бу эса ўқитувчилар, маънавият тарғиботчилари, ота-оналардан янада ҳушёр ва огоҳ бўлишни, ёш авлоднинг ғоявий-мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар кўламини янада кенгайтиришни талаб этади. Албатта, тақиқлар ёки фильтр воситалари орқали одамларни интернет оламидаги турли кучларнинг хатарли таҳдидларидан, кераксиз ва салбий ахборотлардан сақлаш кийин ва фақатгина вақтинчалик ҳолат бўлиши мумкин.

Мутахассислар маълумотига кўра, интернет орқали таркатиладиган компьютер ўйинларининг 49 фоизи сезиларли даражада зўравонлик ва ёвузлик кўринишига эга, 41 фоиз жангари (турли отишмалар ва портлашларга асосланган) ўйинларда эса ўйин қаҳрамони ўз мақсадига етишиш учун шундай зўравонлик ва ёвузлик содир этади. 17 фоиз ўйинларда ана шу зўравонлик ва ёвузликнинг ўзи бош максад ҳисобланади. Турли жанговар, менталитетимизга мос бўлмаган, баъзан қаҳрамонлик ваҳшийликка ўтиб кетадиган бу каби ўйинлар фарзандларимиз ахлоқий-эстетик тарбиясига тўғри таъсир кўрсата олади, дея олмаймиз. Бир қарашда улар оддий ўйиндек кўрингани билан зўравонлик ғоялари, ёвузлик кайфиятини уйғотиши жуда кўп салбий окибатларга олиб келгани хусусида ҳаётий мисоллар кўп.

Ёшлар онгига кучли таъсир этувчи ахборотлар, ёт ғоялар (диний экстремизм ва террорчилик ғоялари, миллатчилик, ирқчилик, садизм кабилар)ни, ғарб ҳаёт тарзига хос, ўзбек менталитетига зид одатлар ва кўникмаларни тарғиб этадиган, ғарб ёшларининг кийиниши, одатларини тарғиб қилувчи мақолалар, клиплар, фильмларда яққол намоён бўлади.

Албатта, мамлакатимизда бу каби салбий омилларнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Бу борада кучли механизмга эга қонунчилик базаси мавжуд. Президентимизнинг 2021 йил 26 мартда қабул қилган «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштиришнинг чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан жамиятда соғлом дунёқараш, оила, таълим ташкилотлари, маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш, интернетдан фойдаланиш маданиятини ошириш борасидаги устувор йўналишлар белгиланди.

Миллий манфаатларимизга раҳна солишга, маънавиятимизга тажовуз қилишга, тарихий хотирамизни бузишга уринаётган ғаразли кучларга қарши доим огоҳ туришимиз керак. Шундагина бизни ҳеч ким, ҳеч нарса танлаган йўлимиздан қайтара олмайди.

Бугун фарзандининг истиқболини, ёрқин келажаги порлоқ бўлишини истайдиган ҳар бир ота-она тарбия масаласига жиддий эътибор бермоғи зарур. Бола тарбияни турли компьютер ўйинлари, интернет ва ижтимоий тармоқлардан эмас, энг аввало, ота-оналаридан, бобо-момоларидан, эзгуликка, покликка ва дину диёнатга чақирувчи яхши китоблардан олсин.

Хулоса ўрнида айтганда, инсонлар қалби ва онги учун катта курашлар кечаётган глобаллашув даврида юксак маънавият, одоб ахлоқ тарбиясига эътиборни кучайтириш долзарб вазифадир, ўсиб келаётган ёш авлодни диний-миллий қадриятлар асосида тарбиялаш, улар қалбида ўз халқи, Ватанига меҳр-садоқат туйғусини кучайтириш, уларни хар хил бузғунчи кучларнинг ахборот хуружларидан огоҳ этиш, муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир.

Ёшларимизнинг маънавий оламида бўшлиқ пайдо бўлмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини шакллантиришимиз, бундан давлат ва жамият, ота-оналар кўпроқ манфаат кўришини ҳар бир маҳаллада тарғибот-ташвиқот орқали етказишимиз зарур.

 Ғайрат Абдиев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.