Юбилей тўйлари керакми?
Дам олиш куни қишлоққа бориб, шаҳарга кечроқ қайтишимга тўғри келди. Бекатга бораётганимда ёнимда машина енгил сигнал бериб, тўхтади. Қарасам, институтда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган танишим.
- Келинг, ака, бирга кетамиз, мен ҳам шаҳарга боряпман, - деди салом-аликдан сўнг.
Машинага чиқдим. Бироз суҳбатлашгач:
- Шошилмаяпсизми? Самарқандга кираверишдаги маҳаллада бир ҳамкасбимиз яшайди. Бугун 60 ёшга тўлди. Шундоққина беш дақиқага кириб, табриклаб чиқайлик, акс ҳолда ўпкалаб юради,.. – деди.
“У киши уйида бўлса, ичкарига кирмай, йўл-йўлакай табриклаб ўтсак керак-да”, деб ўйлаб “Майли”, дедим. Ярим соатларда “юбиляр”нинг хонадонига етдик. Қарасам, ҳолат мен ўйлагандай эмас экан: каттагина ҳовлига стол-стул қўйилган, одам кўп, таниш домлалар, санъаткорлар хизматда... Ноилож кирдик. Беш дақиқада чиқамиз, деганимиз бир соатга чўзилди.
Юбилей тўйида иккита ёмон манзарани кузатдим. Биринчиси, ҳар 20-25 дақиқада хонадон эгаси - 60 ёшини нишонлаётган киши даврани бирма-бир айланиб чиқди. Ўтирганлар мезбоннинг қўлига қадаҳ тутиб, "Сизнинг соғлиғингиз учун", дея ароқ ичиб, уни ҳам сипқоришга мажбур қилди. Иккинчи даврада "Сиз ичмасангиз, биз ҳам ичмаймиз", деган гаплар бўлар, юбиляр ноилож қадаҳ кўтарарди.
Иккинчи манзарани “тўй”дан қайтар чоғимизда кузатдим. Дарвозага яқин четроқ жойда ёши 80 дан ошган отахон стулда хомуш, бир аҳволда ўтирибди. Билсак, “юбиляр”нинг отаси экан. Кўришдик, ҳол-аҳвол сўрадик, тўй билан табриклаган бўлдик. Аммо отахон меҳмонларнинг гапини англамас, дам-бадам “Анови мусиқанинг овозини ўчиринглар!”, дер эди. Табиийки, ёши улуғ отахон бу “тўй” туфайли ҳаловатини йўқотган, азоб чекиб ўтирарди...
Бу ҳолатни кўриб, танишим ҳам бош чайқаб қўйди. Машинада манзилимизга боргунча иккимиз ҳам гапирмадик. Чунки хаёлимизда ҳалиги юбиляр домлага нисбатан “Барака топкур, шундай нуроний отанг ҳаёт экан, ўзингнинг 60 йиллигингдан кўра падари бузрукворингнинг юбилейини ўтказсанг, ҳурматини қилсанг, қадрига етсанг бўлмасмиди?”, деган гап чарх урарди...
Мулоҳаза қилайлик: юбилей тўй ўтказиш керакми? Бу тўй нима учун, нима мақсадда қилинади? 60 ёки 65 ёшини катта тўй тарзида нишонлаш ўринлими? Бундай тўйлар ўтган умри, ҳаётий фаолиятини сарҳисоб қилиш учунми ёки одамларга едириб-ичириш учунми? Ҳаётий тажрибага эга бўлиб, кўпчиликка ибрат кўрсатишга лойиқ ёшда айрим кишиларнинг ўтказаётган бундай маъракаларидан ёшлар учун, жамият учун бирор наф бормикан?
Тўғри, улуғ ёшга тўлган кун ҳар бир инсон учун қадрли. Бизнингча, бу қувончни оила аъзолари билан баҳам кўрган маъқул. Акс ҳолда у ўзини кўз-кўз қилиш ёки шунга ўхшаш бошқа салбий кўринишларга айланиб қолади. Сиз нима дейсиз?
Акрам Ҳайдаров.