“Юксалиш” умуммиллий ҳаракатида талабаларнинг иштироки муҳим

Самарқанд ветеринария медицинаси институтида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилояти бўлими мутасаддилари ёшлар билан учрашув ўтказди.
Учрашувда ҳаракатнинг вилоят бўлими раҳбари, вилоят ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Шоҳруҳ Жўрақулов ташкилот томонидан 2019 йилда амалга оширилган ишлар, мақсад ва вазифалар, кўнгилли ёшлардан иборат волонтёрлар фаолияти хусусида талабаларга гапириб берди.
Тадбирда мамлакатимиз тараққиётига бефарқ бўлмаган фуқаролар, хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар, бизнес ҳамжамияти, академик доира вакилларини юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар атрофида, ихтиёрийлик асосида бирлаштириш мақсадида таъсис этилган “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг юртимиз равнақи ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган ишлари хусусида ҳикоя қилувчи ижтимоий ролик намойиш этилди.
Учрашув сўнгида таълим муассасаси проректори Алибек Гаппаров ҳамда бўлим бошлиғи Шуҳрат Намозовларга “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати фахрий аъзоси сертификати топширилди.
Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.