Юқумли касалликларнинг олдини олишда тиббий профилактика тадбирлари қанчалик фойда беради?

Юқумли касалликлар инсоният тараққиётига таҳдид солади. Сабаби, улар дунёдаги йиллик ўлим сонининг учдан бир қисмини келтириб чиқаради. Шу сабаб, аҳоли ўртасида тиббий-профилактика тадбирларини ўтказиш мақсадга мувофиқ. Бу эса касалликлар сонини камайтириши мумкин.

Юқумли касалликларнинг олдини олиш асосан, қуйидаги уч йўналишга ажратилади:

- Бирламчи профилактика — шахсий ва жамоат гигиенаси қоидаларига риоя қилиш. Профилактика ва мунтазам санитария назорати, юқумли касалликлар ва уларнинг олдини олиш усуллари, профилактик эмлашлар, соғлом турмуш тарзи тўғрисида билимларни тарғибот қилиш;

- иккиламчи профилактика —  ҳолатларни эрта аниқлаш ва беморлар билан алоқада бўлган шахсларни кузатиш (шунинг учун касаллик белгиларини билиш), режимни чекловчи чоралар (карантин, кузатув), беморларни изоляция қилиш;

- учинчи профилактика — ўз вақтида, етарли ва самарали даволаниш, реконвалесентларни тиббий кўрикдан ўтказиш (соғломлаштириш) киради.

Турли инфекциялардан биринчи (профилактик эмлашдан кейин) ҳимоя чизиғи гигиена қоидаларига риоя қилишдир. Ушбу оддий қоидаларга риоя қилган ҳолда, сиз нафақат ўзингизни ҳимоя қиласиз, балки одамлар орасида инфекциянинг тарқалишини олдини оласиз ҳам.

Бунинг учун эса қуйидагиларга риоя қилиш зарур:

- қўлингизга совун билан яхшилаб ювинг (камида 20 сония) ёки - спиртли восита билан ишлов беринг;

- ювилмаган қўлларингиз билан кўз, бурун ва оғзингизга тегманг;

- аксириш ва йўталаётганда тирсагингиз билан ёпишга одатланинг. Иложи борича оғиз ва бурунга бир марталик қоғоз салфетка ишлатинг. Ишлатилган салфеткани қайта ишлатманг;

- ўткир респиратор инфекция белгилари бўлган одамлардан камида 1 метр узоқликда туришга ҳаракат қилинг;

- шахсий буюмлар ва шахсий гигиена воситаларини (тиш чўткаси, сочиқ, рўмолча, қайчи) баҳам кўрманг;

- агар касал бўлсангиз ёки сизда касалликнинг енгил белгилари (субфебрил иситма, бурун оқиши, бош оғриғи) бўлса, соғайгунингизча уйда қолинг. Агар юқори иситма, йўтал ва нафас олиш қийин бўлса, шошилинч тиббий ёрдамга мурожаат қилинг;

- енгил жароҳатлар ёки яраларни эҳтиёткорлик билан даволанг. Қаттиқ жароҳат олганда ёки ҳайвон тишлаши оқибатида етказилган жароҳатларда, албатта, шифокор ёрдами ёки кўрсатмасига асосан тиббий муолажа олинг;

- ифлосланган сув билан, сув омборларида чўмилишдан сақланинг;

- агар диарея ёки очиқ яра бўлса, ҳовузга (бассейнга) чўмилманг. Ҳовузда (бассейн) чўмилишдан олдин душ қабул қилинг. Ечиниш хонасида ва душ хонасида пойабзалсиз юрманг;

- таом тайёрлашдан олдин хом гўшт, сабзавот ва меваларни оқар сувда ёки бир неча марта қайта ювишни унутманг. Ҳар бир турдаги озиқ-овқат учун турли хил идишлар ва кесиш тахталаридан фойдаланинг. Иссиқлик билан ишлов бериш қоидаларини эътиборсиз қолдирманг.

Чет элга саёҳат қилишдан олдин шифокорингиз билан маслаҳатлашинг. Сиз ва яқинларингиз барча керакли эмлашларга эга эканлигига ишонч ҳосил қилинг. Буни охирги дақиқаларда эмас, балки саёҳатдан камида 4-8 ҳафта олдин қилиш тавсия этилади. Агар сиз эпидемиологик жиҳатдан ноқулай мамлакатга саёҳатга чиқмоқчи бўлсангиз, жўнашдан 2-3 ой олдин маслаҳат олиш ва чора кўришга ҳаракат қилинг. Вақтинчалик яшаш мамлакатида муздан фойдаланишдан сақланинг, ичиш, тишларини ювиш ва ювиш учун фақат қадоқли сувдан фойдаланинг. Олдиндан тозаланган ва кесилган хом сабзавотлар, салатлар ва меваларни истеъмол қилишда эҳтиёт бўлинг. Ҳашаротларга қарши воситалардан фойдаланинг. Ёпиқ кийим кийишга ҳаракат қилинг.

 

Абдусодиқ Боймирзаев,

Самарқанд вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонаси бош шифокори.