Юридик техникумнинг аълочи ўқувчилари суҳбат асосида ўқишга қабул қилиниши айтилди
Самарқанддаги юридик техникумини бу йил битирган 7 нафар ўқувчи суҳбат асосида Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Қорақалпоқ давлат университети, Самарқанд давлат университети, Наманган давлат университети, Термиз давлат университетининг юристпруденция йўналишларига 2-босқичдан қабул қилинади.
Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
- Шунингдек, техникумни “4”, “5” баҳоларга тугатаётган, аъло баҳолари 50 фоиздан юқори бўлган ўқувчилар ҳам суҳбат асосида 2-курсдан ўқишга қабул қилинади, - деди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари, техникум директори Отабек Тошниёзов. – Фақат бундан Тошкент давлат юридик университети мустасно. Бугунги кунда юридик техникумда давлат ҳуқуқий фаолият, юридик хизмат ҳамда суд-ҳуқуқий фаолият мутахассисликлари бўйича 2 йиллик дастур асосида таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичининг 5-даражасига мос келувчи, бакалавриат таълим йўналишлари билан интеграциялашган профессионал таълим мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган.
2021-2022 ўқув йилида техникумда 326 нафар ўқувчи учта мутахассислик бўйича таҳсил олди.
Техникум 900 ўринга эга бўлиб, 200 ўринли ўқувчилар яшаш уйига эга. Шунингдек, техникумда амалий дарслар учун “Суд зали”, ахборот ресурс маркази, спорт зал ҳамда 150 ўринли фаоллар зали ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда.
Самарқанд вилояти юридик техникуми Адлия вазирлиги тасарруфидаги таълим муассасаларидан бири ҳисобланиб, ўқув-услубий жараёнларни Тошкент давлат юридик университети билан мувофиқлаштириб боради.
Техникум “юриспруденция” йўналиши бўйича ўрта-махсус профессионал таълим асосида ўқитишни амалга оширади.
Шунингдек, матбуот анжуманида бу йилги қабул квоталари ва ўқишга кириш тартиби ҳақида ҳам маълумот берилди. Янги ўқув йили учун 240 та қабул параметрлари тасдиқланган бўлиб, улардан 50 таси давлат гранти, 190 таси эса тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.
Юридик техникумларга кириш синовлари 25-30 авгyст кунлари ўтказилади. Давлат тест маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун тест синовлари олинса, хорижий фуқаролар учун оғзаки суҳбат, кўзи ожизлар учун танлов асосида ўқишга қабул қилинади.
Кириш синовларида энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг давлат грантлари бўйича биринчи навбатда қабул қилиниш ҳуқуқи таъминланади.
Кириш синовларидан муваффақиятли ўтган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахслар фарзандлари, “Меҳрибонлик уйи” ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари, I гуруҳ ногиронлиги бўлган, шу жумладан, кўзи ожиз абитуриентлар қўшимча қабул параметрлари асосида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
Бундан ташқари, юридик техникумларнинг таклифларига биноан, уларнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, тест синовлари натижаларига кўра қабул қилинмаган абитуриентлар Адлия вазирлигининг қарори билан қўшимча равишда табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қабул қилиниши мумкин.
Битирувчилар хўжалик ташкилотларида ҳуқуқшунос, меҳнат муҳофазаси бўйича инспектор, пенсия тайинлаш ва тўлаш бўйича инспектор, ижтимоий кўмак ва ижтимоий хизмат ходими, ФҲДЁ органларида инспектор, адвокат ёрдамчиси, нотариус ёрдамчиси (референт), ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича инспектор, вояга етмаганлар билан ишлаш инспектори, суд ижрочиси, суд мажлиси котиби, девонхона ходими каби вазифаларда ишлаши мумкин.