Юртдошларимиз 2018 йилда қандай дам олишади?
Фармон 2018 йилда фуқароларнинг расмий саналарни нишонлаш даврида тўлиқ дам олиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш ва дам олиш, байрам кунларидан оқилона фойдаланишини кўзда тутади.
Қайси кунлар дам олиш сифатида эълон қилинди ёки кўчирилди?
Фармон асосида Ўзбекистон қонунчилигида меҳнат муносабатларига оид янги амалиёт киритилди. Яъни, жорий йилда илк марта ҳар йилги меҳнат таътили давомийлигини қисқартириш орқали байрам кунлари арафасида қўшимча дам олиш куни берилди. Хусусан, 2018 йилда қуйидаги қўшимча дам олиш кунлари белгиланди:
2 январь – сешанба;
20 март – сешанба;
31 август – жума.
Таъкидлаш жоизки, мазкур қўшимча дам олиш кунлари барча ходимларга, жумладан, ҳафтасига 5 ва 6 кун давомида ишловчи ходимларга ҳам бирдек қўлланилади.
Шунингдек, Президент фармони асосида бир қатор дам олиш кунлари байрамлар арафасидаги иш кунига кўчирилди. Хусусан:
6 январь – шанба 3 январь – чоршанбага;
17 март – шанба 19 март – душанбага;
24 март – шанба 22 март – пайшанбага;
25 август – шанба 23 август – пайшанбага;
26 август – якшанба 24 август – жумага;
8 сентябрь – шанба 3 сентябрь – душанбага;
15 сентябрь – шанба 4 сентябрь – сешанбага;
29 декабрь – шанба 31 декабрь – душанбага.
Шанба кунидан кўчирилган дам олиш кунлари фақат беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун тааллуқли, олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар эса кўчирилган дам олиш кунларида ишга чиқишлари лозим. Фақатгина 26 август – якшанба кунидан 24 август – жумага кўчирилган дам олиш куни барча ходимлар учун амал қилади. Яъни, 24 август, жума куни барча ходимлар дам олади, 26 август, якшанба куни эса иш куни ҳисобланади.
Қўшимча дам олиш кунининг эвазига меҳнат таътилининг муддати қандай ҳисобланади?
Бюджет ташкилотларида қўшимча дам олиш кунлари ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини уч иш кунига қисқартириш ҳисобига қопланади. Ҳар йилги меҳнат таътили даврида сақланадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини ҳисоблашда меҳнат таътилининг амалдаги давомийлиги ҳисобга олинади. Унга юқоридаги қўшимча дам олиш кунлари қўшилади.
Бюджет ташкилоти ҳисобланмаган ташкилотларда қўшимча дам олиш кунлари меҳнат таътилига қўшимча бошқа кунлар билан бир қаторда ташкилотнинг молиявий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, меҳнат шартномалари ёки иш берувчи томонидан касаба уюшма қўмитаси билан келишиб қабул қилинадиган бошқа ички ҳужжатларда белгиланади.
Меҳнат таътилининг 3 кунга қисқариши унга бериладиган тўловнинг камайишига таъсир қиладими?
Йўқ, таъсир қилмайди. Бунда иш берувчилар қуйидагиларга алоҳида эътибор беришлари лозим:
Меҳнат кодексининг 134-моддасига биноан ҳар йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги қисқартиришни ҳисобга олган ҳолда 15 иш кунидан кам бўлмаслиги;
давлат байрамларига тўғри келган, белгиланган меҳнат таътилининг қўшимча ишланмайдиган кунларини қўшиш йўли билан ходимга йиллик меҳнат таътили давомийлигига берилиши лозим бўлган тўловлар миқдори сақланиши таъминланиши лозим.
Мисол учун, 24 кунлик йиллик меҳнат таътили бериладиган ходимга йил давомида белгиланган 3 кунлик қўшимча дам олиш куни ҳисобига 21 кун меҳнат таътили тайинланади. Лекин меҳнат таътили учун бериладиган тўлов миқдори 21 кун эмас, 24 кун ҳисобидан берилиши керак.
Абдунаби Ғаниев,
вилоят касаба уюшмалари
ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими мутахассиси.