“Заҳардан қиммат” егуликлар: қайси маҳсулотлар пулига квартира ёки машина олиш мумкин?

Дўкон пешлавҳаси олдида туриб, “Дудланган гўшт бунча қиммат?”, “Пишлоқни нархини қара?” “Бу шоколад тилладанми нима бало?” деб ўйлаганмисиз? Мабодо сиз тўсатдан токчадаги маҳсулотга қўйилган машина баҳосига тенг келадиган нарх белгисини кўрсангиз, нима қилган бўлардингиз?

Ҳақиқатан ҳам дунёнинг баъзи бир бурчакларида бундай қиммат деликатеслар сотилади. Ва агар сиз бу қанақа таом эканлигига қизиқсангиз, уларнинг нархини фақат қулоққа пичирлайдиган тарзда айтиб ўтамиз.

“Chocopologie by Knipschildt” қора шоколади

Бу дунёдаги энг қиммат (энг мазалиси ҳам эмас) шоколад АҚШдаги Коннектикут “Knipschildt Chocolatier” қандолатчилик уйи томонидан ишлаб чиқарилади. Қайд этилишича, бренднинг қуюқ шоколади қўлда тайёрланади ва унинг таркиби сир тутилади.

Татиб кўрганлар десертнинг таъми умуман ширин эмас, аксинча, аччиқ эканлиги ҳақида гапиради. Баҳоси бир фунт (400 граммдан бироз кўпроқ) учун тахминан 2600 долларни ташкил этади.

Бадиий эстетик безак берилган бир дона кичик шарчаси 250 доллар туради.  Ушбу шарчалар шакар марваридлари тўшалган олтин қутичада ётади ва у ҳам лента билан боғланган. Ажиб, қимматбаҳо лаззат!

Хитой “Да Хун Пао” чойи

Бир пиёла чойнинг нархи яхши чет эл машинасидек туради, хитойликлар бир килограмм бундай чой барги учун 685 минг доллар сўрашади. Бу пулга квартира эмас, балки кичикроқ бир шаҳарда тўққиз қаватли бино сотиб олиш мумкин бўлса керак.

Хўш, бу миқдор қаердан келган? Гап шундаки, “Катта қизил либос” деб номланган жуда кам учрайдиган бу буталар фақат Хитойдаги Тяньсинь монастири ёнида ўсади, дунёда уларнинг фақат 6 таси бор. Ҳар йили бу навдан фақат 500 грамм тайёр маҳсулот тўплаш мумкин, шунинг учун нархи осмонлардагидек. Ҳаддан ташқари қиммат чой. Шундай эмасми?

“La Bonnotte” орол картошкаси

Атлантика океанида жойлашган Нурмуатье оролида ўсадиган  “La Bonnotte” навининг илдиз мевалари денгиз ўтлари билан ўғитланган (яна ким билади, тағин сув париларининг кўз ёшлари билан суғорилгандир). Картошканинг бир килограмми 500-600 евро туради. Деҳқонлар уни қўлда йилига атиги 100 тонна йиғадилар ва шубҳасиз, барчаси сотувга юборилади. Айтишларича, унинг таъми ўзгача ва жуда ёқимли. Ташқи кўринишидан оддий картошкага ўхшайдиган илдиз мевани йиғиб олингандан кейин фақат 2 ҳафта давомида сақлаш мумкин.

Ошпазлар ҳатто уни пичоқ билан эмас, балки туз доналари билан тозалашади, у қайнатилмайди, балки қарағай игналари оловида дудлаб пиширилади. Ҳа, бойларнинг ўзига хос тантиқликлари бор, бунга ким ҳам шубҳа қиларди.

Қизил китобга киритилган альбинос белуганинг "Алмас" икраси

Бир килограмм икра нархи янги Порше машинаси билан бир хил. У қора эмас, қизил эмас, ҳақиқатан ҳам оқ рангда бўлиб, Эрондан экспорт қилинади. “Алмас”нинг соф тилла идишдаги 100 грамми 2000 АҚШ долларига (бир килоси 20 минг доллар) сотилади.

Баъзан (байрамларда бўлса керак) икра банкадаги 22 каратли ейиш мумкин бўлган олтин билан аралаштирилади ва унинг нархи дарҳол тўрт баробарга ошади. Шу сабаб “Нима у олтиндан қилинган эканми?” деб ҳам сўрай олмайсиз.

“Вагю” мармарли мол гўшти

Бир бўлак хом “Вагю” мол гўштининг нархи 400 АҚШ долларига етади. Бундай гўшт Японияда сотилади. Махсус фермадаги сигирлар жаннатдагидек яшайди, улар массаж қилинади, терилари саке (миллий япон спиртли ичимлиги) билан ишқалаб тозаланади ва дам олиши учун уларга классик мусиқа қўйиб берилади.

Натижада, гўшт мармардек нафис, нозик, юмшоққина бўлиб чиқади, шунинг учун у қиммат. Бу сизга қассобхонадаги суякли гўшт эмас ҳар ҳолда...