Замонамизга мос, уйғоқ архитектура яратиш зарур

Архитектура ҳамма вақт инсониятнинг моддий-маданий кечинмаларидан хабар берувчи санъатнинг бир тури бўлиб келган.

Археологларимизнинг машаққатли изланишлари туфайли меъморчиликнинг бир неча минг йиллик қадимий анъаналари тадқиқ этилмоқда. Жумладан, Сурхондарё воҳасидаги "Сополлитепа" меъморий ёдгорлиги архитектуранинг омма учун нафақат бошпана, балки ташқи ҳужумлардан сақланиш учун ҳам ақл бовар қилмайдиган стратегик режа асосида қурилганлигини кўрсатиб, кишини ҳайратда қолдиради. Унинг ташқи томони 8 та коридор қопқондан ташкил топиши ҳар қандай хавф-хатарни бартараф этиш имконини берган. Бу эса  узоқ ўтмишда  ҳам меъморлар бундай обидани аввалдан ишлаб чиқилган чизмалар асосида қурганликларидан далолат беради.

Хоразмдаги Тупроқ қалъа, Жонбос қалъа ёки Қўйқирилган қалъаларни айтмайсизми? Уларнинг нафақат тарҳи, балки умумий композицияси, конструктив асосларининг мукаммаллиги, меъморий қисмларининг бир-бирига мутаносиблиги, безаклари кишини лол қолдиради. Бундай иморатлар лойиҳасининг юзага келиши ва қурилиши ўша давр меъморларининг юксак ақл-заковатининг нишонасидир.

Тарихдан маълумки, ҳар бир ҳукмдор давлат тепасига чиққандан сўнг биринчи навбатда, ўз  давлатининг шаҳарлари, иқтисодий ва меъморий равнақига алоҳида эътибор берган. Баъзида улар бор бисотини архитектура ва қурилишга сарфлаган. Бундан мақсад, биринчидан, ўз юртининг гўзал иморат ва иншоотларга бой, обод бўлишини таъминлаш бўлса, иккинчидан, улар бу билан ўз номини ҳам абадийлаштирган.

Мисол учун, Амир Темур ва темурийлар ҳукмронлиги даврини олиб қарайлик. Улар яратган архитектуравий муҳит ҳаммамизга аён. Бутун дунё меъморий обидаларимизни кўришга ошиқади.Таъкидлашимиз лозимки, Амир Темур, Шоҳруҳ Мирзо, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоийлар давлат бошқаруви билан бирга архитектура, санъат, фан ва маданиятнинг ривожланишига ҳам катта ҳисса қўшган.

Собиқ иттифоқ даврига ҳам бир назар ташлайлик. Бу даврда ҳам кўп ишлар бажарилди, жумладан, Ўзбекис­тонда ҳам архитекторлар, рассомлар, ёзувчилар, шоирлар, композиторлар ва бошқа ижодий уюшмаларнинг ҳар қайсиси ўз соҳаларининг равнақи йўлида хизмат қилди.

Республика  раҳбарияти архитекторлар, олимлар, рассомлар, композиторлар ва бошқа ижодкорларнинг хизматларини эътиборга олиб, эл-юрт равнақи йўлида хизмат қилган бош­қа соҳалар намояндалари қаторида уларни ҳам давлат мукофотлари билан рағбатлантирди. Улар учун махсус унвонлар таъсис этилган. Айнан ўша даврларда ўзбеклардан Абдулла Бобохонов, сал ўтмай Собир Адилов архитектура соҳасидаги юксак хизматлари учун “СССР халқ архитектори” фахрий унвонига сазовор бўлдилар.

Давлатимиз мустақилликка эришгач, юртимизнинг барча ҳудудларида катта қурилишлар, ўзига хос архитектуравий ечимларга эга бино ва иншоотлар қурилди. Лекин бу иморатлар лойиҳаларини яратган, қурган архитектор ва қурувчилар номи деярли тилга олинмади. Уларнинг меҳнатини рўёбга чиқариш, қўллаб-қувватлаш, эл-юртга оммалаштиришга масъул бўлган Ўзбекистон архитекторлар уюшмаси ва Ўзбекистон давлат архитектура-қурилиш қўмитаси суст ишлади. Архитектурада якка фикрлилик, қурилишларда  шошма-шошарлик ҳукмрон бўлди. Магистрал кўчалар бўйидаги маъмурий бинолар ораларида ортиқча бўш майдонлар қолдирилди. Янги  қурилган биноларнинг бош тарзи кўриниб туриши учун уларнинг олдидаги катта-катта дарахтлар қирқиб ташланди.

Янги бинолар бош тарзлари фақат симметрияда, гўёки ўтган асрнинг 40-50 йилларида яшаган архитекторлар томонидан лойиҳалангандек, олди тарзининг пропорциялари номутаносиб устунларга ўрнатилган пештоқ, ордерлар тизими асосида қурилди. Янги лойиҳалар яратилмади.

Республикада қурилиш материаллари ва конструкцияларини тажрибадан ўтказадиган илмий-текшириш институти, меъморий обидаларни илмий-текшириш ва таъмирлаш каби нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ўрта Осиё миқёсида иш олиб бораётган йирик институтлар ёпилиб, бинолари олиб қўйилди. Энг ёмони, бу пайтда ҳамма, айниқса, раҳбарлар ўзини архитектор, деб ҳис қила бошлади. Ваҳоланки, архитекторлар Америкада архитектура олийгоҳларида 10 йил, собиқ иттифоқда 6 йил ўқиган. Бизда эса бошлиқ бўлсанг, сен архитектор, олим, қурувчи, рассом деган тушунча пайдо бўлганди.

Ўтган асрнинг 90-йилларида Ўзбекистонда 4-5 нафар архитектура доктори бор эди. Ҳозирги кунда республикада архитектура фанлари доктори 10 нафарни ташкил қилади. Бошқа соҳалар билан қиёслаганда бу жуда кам, албатта. Авваллари Тошкент архитектура-қурилиш институти архитектура факультетида 40-50 нафар профессор-ўқитувчидан 9-10 нафари “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган архитектор” унвони билан тақдирланган эди. Мустақилликка  эришганимиздан сўнг эса “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган архитектор” унвони йўқолди.

Архитектура бу ижодий йўналиш­лардан, амалий санъатнинг бир тури. Бино лойиҳасини фақат архитекторлар яратади, конструкторлар, сантехниклар, иқтисодчилар томонидан уларнинг конструктив, техник қисми ва смета ҳисоб-китоби ишланади. Охирида бу лойиҳа қурувчилар қўлига ўтади.

Бугун юртимизда илм-фанга, турли соҳа ва тармоқларга эътибор ошди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон Фанлар академияси фаолияти жонланди, кўп­лаб институтлар қайта ташкил этилди. Энг муҳими, илм аҳлига эътибор ва ғамхўрлик кучайди.

Ўз навбатида юртимизда жуда катта ҳажмда қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу ишлар фақат пойтахт ёки вилоят, туман марказлари, шаҳарларда эмас, барча ҳудудларда бажарилмоқда. Эътиборлиси, бу бунёд­корлик ишлари ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари, табиий-географик ҳолати ва аҳоли турмуш тарзидан келиб чиқиб, олиб борилмоқда. Қисқа фурсатда шаҳар ва қишлоқларимиз жамоли тубдан ўзгармоқда. Бу билан фахрланамиз, албатта. Ана шундай пайтда архитекторларга ҳам эътиборни кучайтирсак, уларнинг меҳнатини қадрласак, айни муддао бўларди.

Бу борада айрим таклифларни билдирмоқчи эдим.

Биринчи навбатда, Ўзбекистон архитекторлар уюшмаси базасида давлат тасарруфидаги (Ўзбекистон бадиий академияси каби) Архитектура ва қурилиш академиясини ташкил қилиш лозим. Республикамизда мавжуд барча архитектура ва қурилиш институтларини ушбу академияга боғлаш зарур.

Шунингдек, Қурилиш вазирлигини “Архитектура ва қурилиш вазирлиги” деб ўзгартириш ҳам мақсадга мувофиқ бўлади.

Ушбу вазирлик республика шаҳарсозлигини, архитектура ва қурилиш ишларини тартибга солиб, назорат қилиб турса, Архитектура ва қурилиш академияси республикамизда тез суръатда ривожланиб бораётган шаҳарсозлик ва архитектура ансамбллари яратишнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқади, чет эл архитектураси ва қурилишидаги инновацион тажрибаларини ўрганади, янги технологияларни қурилиш жараёнига татбиқ этишда тавсиялар ишлаб чиқади.

Архитектура тарихи ва назарияси, архитектура ёдгорлик­ларини таъмирлаш ва қайта тиклаш ихтисослиги бўйича олимлар Ўзбекистон меъморий обидаларини ўрганади, улардан туризм мақсадида фойдаланишнинг самарали йўлларини аниқлайди. Таъмирлаш ишларини бошқаради, уларни илмий тадқиқот хулосаларига суянган ҳолда таъмирлаш лойиҳаларини яратади.

Академияга фидойи фан докторлари, номзодлари ва лойиҳачи-архитекторлардан 30-40 нафар мутахассисни қабул қилиш керак.

Архитектура олийгоҳларида ижодий йўналишдаги фанларни замон талаби доирасида янгилаб туриш ҳуқуқини кафедраларга бериш, ижодий йўналишдаги институтларда ўқув бўлими раҳбарлигини тажрибали, келажакни олдиндан кўра биладиган мутахассис архитектор-педагогларга топшириш зарур.

Архитектура институтларининг лойиҳалаш институтлари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш ҳам бугунги кун талабидир. Шу ўринда бир мисол келтирамиз. Жанубий Корея техника университетида ҳар бир талаба бир семестрда ишлаб чиқариш билан боғланиб, 500 долларлик буюртма бажариши шарт экан. Бу масала юзасидан ҳам чора-тадбирларни излаш лозим. Бунинг учун архитектура олийгоҳларининг лойиҳалаш институтларига яқин жойда жойлашишини таъминлаш масаласи кўрилиши керак. Шу чоққача лойиҳа институтлари қошида олийгоҳларнинг филиаллари ташкил этиб келинди. Бу биз кутган натижани бермади. Энди эса аксинча, олийгоҳларда лойиҳа институтларининг фирмаларини, устахоналарининг филиалларини очиш зарурати туғилмоқда.

Республикамиз архитекторлари ўз билим ва салоҳияти билан чет эл архитекторларидан қолишмайди. Уларнинг баъзилари ҳатто хорижий мамлакатларда ҳам муваффақиятли иш олиб бормоқда. Бироқ бизда лойиҳаловчи, замон талабларига жавоб берувчи қурувчи конструкторлар, юқори малакали муҳандис (инженер) мутахассислар етишмайди. Шу боис Ўзбекистондаги йирик замонавий қурилишлар амалиё­тига хорижий мутахассисларни, архитектор ва қурувчи-конструкторларни жалб қилишга мажбур бўлмоқдамиз.

Яна бир масала. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган архитектор” ва “Ўзбекистон халқ архитектори” унвонларини жорий этиш лозим.

Умуман, бугун замон ўзгарди, давр шиддаткор тус олди. Энди замонамизга мос ва хос “уйғоқ архитектура”ни яратишимиз керак. Ҳаётимизнинг барча соҳалари каби Ўзбекистон архитектурасида ҳам уйғониш, яъни Ренессанс даври келди, деб ўйлайман.

Ахтам Ўролов,

СамДАҚИ профессори.

***

Бугун, 13 апрель куни ушбу мақола муаллифи - архитектура фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Ахтам Ўролов 75 ёшга кирди.

А.Ўролов 1947 йилда Қўшработ туманида туғилган.

Олимни қутлуғ ёши билан қутлаймиз!