Замонавий латифа ёки қаерда 59 минг сўм тўлаш учун 60 минг сўм харажат қилинади?
Қўшработ туманининг Урганжи, Янгиқишлоқ, Оқчопсой ва унга туташ ҳудудларда “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши раиси Акбар Ахтамов ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бекмирза Эшмирзаевларнинг сайёр қабули давомида аҳоли томонидан бир қанча муаммолар ўртага ташланди.
Рост, муаммоларнинг айримлари мутасадди ташкилотлар вакиллари орқали жойида ҳал этилган бўлса, айримлари бугунги кун учун анчайин оғриқли масалалар эканлигига гувоҳ бўлдик.
Жумладан, ушбу ҳудуд фуқаролари коммунал тўловлар, айтайлик, электр энергиясига тўлов қилиш учун бир ойлик коммунал тўлов суммасидан ортиқроқ харажат қилиб, туман марказига қатнар экан. Табиийки, аҳоли бу ноқулайлик ва ортиқча харажатлар туғдираётганлиги юзасидан мурожаат қилди.
Шу ўринда, ҳозирги пайтда замонавий онлайн тўловларни амалга ошириш имконияти мавжудку, деган хақли эътироз бўлиши мумкин. Лекин онлайн тўловни амалга ошириш учун сифатли хизмат кўрсатилиши зарур. Аммо бу ҳудудларда интернет тугул рисоладагидек алоқа хизмати ҳам йўлга қўйилмаган (телефон қилиш учун томга чиқиш холатлари мана шу ҳудудларга хос).
Бошқача айтганда, бир соҳадаги камчилик бошқа муаммога сабаб бўлмоқда. Рост, ОАВда Қўшработда замонавий алоқа хизматини йўлга қўйиш, тоғли ҳудудда ҳам интернетга уланиш имкониятларини таъминлаш ҳақида кўп ва хўп ёзилди. Аммо муаммо ҳамон муаммолигича қолмоқда.
Шунга қарамай, одамларга қулайлик яратиш учун имконият бор. Дейлик, ушбу ҳудудларга банкомат ўрнатилса, коммунал касса иш бошласа, одамлар бугунги кунидан рози бўлишармиди?!
Мутасадди ташкилотлар ушбу муаммоларга эътибор қаратишади ва улар тезда ўз ечимини топади, деган умиддамиз.
Жамшид ХУШВАҚТОВ,
“Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши бош мутахассиси.