Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Замонавий оқова тизими бир кунда 140 минг куб оқова сувни тозалайди

Самарқанд шаҳар оқова сувларини модернизация қилиш лойиҳаси Жаҳон банки томонидан молиялаштирилган. Иншоот 100 йиллик тажрибага эга, дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатларида муваффақиятли фаолият олиб борган Франциянинг “SADE” компанияси томонидан реконструкция қилинди. Янгидан қуриб ишга туширилган 5 та оқова сув насос станциялари 80 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатяпти.

Ушбу лойиҳа натижалари билан танишиш мақсадида соҳа мутасаддилари, мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари Самарқанд тумани Захлик қишлоғида жойлашган сув тозалаш иншоотида бўлди.

- Бу оқова тармоғи 1965 йилда қурилган. Ўз-ўзидан тушунарли, уни бутунлай қайта қуриш лозим эди, - дейди “SADE” компанияси вакили, лойиҳа кординатори Жаҳонгир Қодиров. - Қурилиш-монтаж ишларини шу йил сентябрнинг охирида тугатдик. Бу ерда замонавий скада тизимини жорий қилдик. Тозалаш жараёни олти босқичда амалга оширилиб, сув тақсимоти камера орқали бажарилади. У бир хил балансда сувни тақсимлайди. Ходимлар фақат техник кўрикларни ўтказади. Бу эса иш кучи, вақт ва маблағни тежайди, иш аниқ ва сифатли амалга оширилади. Энди барча технологик жараёнларни кузатиб таҳлил қилиш мумкин.

Ушбу лойиҳа қиймати 12,5 миллион долларни ташкил этиб, юқори малакали мутахассислар томонидан Европа мамлакатларида ишлаб чиқарилган энг замонавий технологиялар асосида реконструкция қилинди. Лойиҳанинг яна бир ютуғи вилоятимизда сув танқислиги муаммосини бартараф этишда ҳам қўл келмоқда. Иншоотда бир кунда 140 минг куб оқова сув тозаланиб, Зарафшон дарёсига қуйилади. Тозаланган сувлардан қишлоқ хўжалигида, саноат, иқтисодиётнинг бошқа қатор соҳаларида ҳам фойдаланиш мумкин.

Ҳозирда барча технологик ишлар тугатилган. Бугун ҳудудда 10 мингга яқин манзарали кўчатлар ўтқазилиб, ободонлаштириш ишлари бажариляпти.