Замонавий техникаларнинг яширин имкониятлари ўргатилди

Комбайн заводдан чиқаётганда барабан масофаси 20 миллиметр ҳолида жойлаштирилади. Бу ўртача меъёр сифатида қабул қилинган. Аммо ҳосилдорлик гектарига 70 центнердан ортганда шу кичик жиҳат техникани қийналиб ишлаши, тез ишдан чиқиши ва кўп ёқилғи сарфлашига олиб келади.

Бу кичик элементга кўпчилик эътибор қаратмайди. Аслида барабан масофасини 12-14 миллиметр қилиб жойштирилса ва ўрим пайтида бироз тезроқ ҳаракатланилса, доннинг ифлос бўлиши ва нобудгарчиликлар камаяди. 

Қишлоқ хўжалик вазирлиги ва Германиянинг “Класс” компанияси билан ҳамкорликда “Қишлоқ хўжалигида замонавий техникалардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш” мавзусидаги семинарда шу жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди. 

Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах ва Навоий вилоятларидан келган фермер ва кластер корхоналари вакиллари иштирок этган семинарда “Класс” комбайнлари ва “Орион” юқори унумли ер ҳайдаш тракторларининг кам фойдаланилаётган қулайликлари бўйича тушунча берилди. 

- Биз дуённинг 100 дан ортиқ давлатига маҳсулот сотамиз ва уларнинг иқлим шароитидан келиб чиқиб маҳсулот турини тавсия этамиз, - дейди компаниянинг мутахассисларни тайёрлаш бошқармаси бошлиғи Сергей Бутов. – Ҳозирда компаниямизда асосан 2 хил турдаги комбайнлар ишлаб чиқарилади. Ўзбекистон иссиқ ва ёзи қуруқ бўлгани учун гибрид комбайнлар эмас, балки барабанли техникалар мос келади. Мамлакатингизда иштилаётган техникаларимизни иш жараёнини кузатдик ва фермерлар техникадаги кўплаб қулайликлардан фойдаланмаётганини кўрдик. Масалан, “Класс доминатор-260” компаниямизда ишлаб чиқариладиган кичик ҳажмли комбайнлардан бири. Бу техникада донни сифатли ажратиш функциялари, ифлос донни қайта ишлашга юбориш имкониятлари мавжуд, лекин кўпчилик буни билмайди ёки фойдаланмайди. Юқори унумли ҳайдов тракторларимизда ҳам юмшоқ ва қаттиқ ерни ҳайдаш, ҳайдов чуқурлигини белгилаш, тиркамани кўтариб тушириш, ёқилғи сарфини назорат қилиш каби функциялардан деярли фойдаланилмаяпти. Шу боис, бугунги семинарда бу каби қулайликлар ҳақида кенгроқ тушунча бердик.

Ўктам Худойбердиев.