Замоннинг одами: Нусратулла ҳаётнинг олтин қоидаларига риоя этиб яшарди

У дин илмидан хабардор инсон ва маърифатли аёл тарбиясини олгани учун, аввало, юксак фазилатларни ўзлаштира олди. Мактабда бирга ўқиш давомида тилидан ёмон сўз чиққанини, бировга овозини баландлатиб гапирганини эшитмаганмиз. Бирга фаолият кўрсатганлар ҳам ҳозиргача унинг сафдошларига ва ўқувчиларга ниҳоятда меҳрибон бўлганлигини эслашади.

Нусратулланинг одобига, камтарлигига, дарсларни қолдирмаслиги ва уйга вазифаларни пухта бажариб келишига барча синфдошлар ҳавас қилишарди.

Бу фазилатлар дўстимизга кейинчалик жуда асқотди. Бухоро давлат педагогика институтини тугатиб қайтгач, Пахтачидаги бир қатор мактабларда ва ниҳоят ўзимиз ўқиган 24-мактабда дарс берди. Физика муаллими Н.Хидировнинг фанни пухта билиши, ўқувчиларга билимни моҳирона бера билиши тилга тушди. Шогирдлари бирин-кетин туман, вилоят фан олимпиадаларида ғолибликни эгаллаб, ҳатто республика босқичларида совриндор бўла бошлашди.

Бу орада дўстимиз маърифатли хонадон вакиласи Зулфинор билан турмуш қурди ва тинч-тотув оилада бирин-кетин икки ўғил, уч нафар қиз дунёга келди. Минг афсуски, Нусратулла тўнғич ўғлининг тўйини кўра олмади. Дарди бедаво ажойиб муаллимни орамиздан бевақт олиб кетди.
Аммо фидокорона хизмати бежиз кетмади. Тажрибали муаллим туман иқтидорли болалар мактаби нуфузини оширишга ҳисса қўшди, кўплаб иқтидор эгаларини фанда равон йўлга бошлади. Натижада унга 2005 йилда «Ўзбекистон халқ ўқитувчиси» унвони берилди.

Нусратулла билан мактабда мусиқа тўгарагига қатнаганмиз, ҳатто 8-синфдан кейин маданий-оқартув техникумига ўқишга борамиз, деган хаёл ҳам қилганмиз. Кейинчалик билдимки, унда яхшигина бадиий маҳорат ҳам бор экан, бир-биридан дилбар ғазаллар ёзган.

Н.Хидиров халқ ўқитувчиси унвони нишонини деярли тақмасди, сабабини сўрасам, кўп олдида уяламан, дерди. Бир куни ўқитувчилар малакасини ошириш институтига учрашувга борсам, тажрибасини ўргатиш ўрнига тингловчи сифатида охирги қаторда камтаргина ўтирибди. Ҳаммага таништирдим. Аудитория олқишлади, ўзи эса хижолат бўлди.

Ёшларнинг меҳрибон, суюкли устозига айланиб улгурган дўстимиз бедаво дард туфайли 2011 йил 15 декабрда оламдан ўтди. Дарвоқе, турмуш ўртоғи ҳам бу жудоликни кўтара олмади ва тўрт ой ўтиб бандаликни бажо келтирди.

Агар ҳаёт бўлганида Нусратилла 70 ёшга тўларди. Унинг хотирасини ёд этиб турибмиз. Шукр, дўстимиздан солиҳ фарзандлар, ажойиб шогирдлар қолди. Насим тажрибали ҳуқушунос, Ҳабибулла геолог, Иқбол, Дилбар ва Нилуфар эса ота касбини танлашди. Ҳар даврамизда синфдошимизнинг эзгу фазилатлари ва ибратини йўқлаймиз, ҳақига дуо қиламиз.Чунки ундаги фазилатлар ҳар қандай жамиятда ҳам қадрга арзигуликдир.

Фармон ТОШЕВ.

***
Ёшлигим, гул фурсатинг қисқа бўлурми шунчалик,
Келдингу, ўтдинг кетиб бир шам ёниб ўчгунчалик.

Бўлса имкон, тўхта бир дам, бир нафас тарк этмагин,
Бор ҳаловат, заллатингдан тотиниб кўргунчалик.

Мен қадаҳ олдим қўлингдан, шодлигимда йўқ адад,
Сипқорай, кутгил, сафоси-кайфини сургунчалик.

Завқингга тўймай кўнгил афсусдадир, э воҳ, нетай,
Қанча орзу бирла армон қолди қон ютгунчалик.

Не умид бирлан келиб Нусрат ғазал бўстонига,
Қўл узатса, шошмагин, бир даста гул узгунчалик.

***
Эй нигор, сенсиз бугун жисмим ичинда жон йўқ,
Гул юзингни соғиниб, кўргим келур, имкон йўқ.

Юзда зулфингдан олиб ранг, қолмади ёруғ жаҳон,
Осмонимда сенингдек маҳваши тобон йўқ.

Васлингга шайдо кўнгил сендан бўлак ёр истамас,
Чунки бу шайдо кўнгилга сендайин жонон йўқ.

Гар насиб этса, узоринг нуридан баҳра олиш,
Ва ажаб, дунёда менга бундан улуғ эҳсон йўқ.

Ҳар дақиқа ёди васлинг доғида доғдир кўнгил,
Билки, Нусрат қалбига сендан азиз меҳмон йўқ.

Нусратилла ХИДИРОВ.