"Зар топдим, зўр топдим, ҳимоя топдим..."

Бугун таниқли шоира, журналист Хосият Бобомуродова таваллуд топган кун. Шоира 1950 йил 2 майда Хатирчи туманидаги Оқравот қишлоғида таваллуд топган.

Тошкент давлат педагогика институтида таҳсил олган. 1967 йилдан бошлаб мактабда бошланғич синф ўқитувчиси, 1975 йилдан мактаб директори сифатида фаолият кўрсатган. Вилоят “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетаси мухбири, Самарқанд вилояти Ёзувчилар уюшмасида масъул котиб лавозимида ишлаган. “Зарафшон” нашриёти директори бўлиб фаолият кўрсатган.

Серқирра ижодкорнинг “Дарёдан қатра”, “Турналарим”, “Қалб титроғи”, “Самарқандга мактублар”, “Мен узган гуллар”, “Бормисан, ўзбек?”, “Мурод қасри”, “Жонимниг эгаси”, “Ватан ягонадир”, “Тўйлар муборак!”, “Келин салом”, “Сенсиз”, “Гул ёмғири”, “Ватан дарси” каби шеърий тўпламлари, “Қизилқум маликалари”, “Қирқ ўғлон қиссаси”, “Самарқанд санамлари”, “Саҳродаги жаннат” каби публицистик асарлари нашр қилинган.

“Шуҳрат” медали, “Меҳнат шуҳрати” ордени, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Халқ таълими аълочиси унвонлари билан мукофотланган.

***

СЎЗ
Дилимдан то тилимгача сўз,
Оёғимдан қўлимгача сўз.
Тангрим, сўздан айлама жудо,
Ҳаётимдан ўлимгача сўз…

Дунёсига йўғу боримни,
Сўзим билан айтиб кетаман.
Тингламаса тилим зоримни
Кўзим билан айтиб кетаман!

УЗИЛГАН ГУЛГА
Ким узди сўрамайин
Бирор оғиз қуёшдан.
Қўрқмадими оҳингдан,
Қўрқмадими кўзёшдан.
Тупроғингдан, сувингдан
Олмадими, розилик?
Ҳеч қурса тиканларинг
Қилмадими қозилик?
Яна уялмай боғбон
Сени пулга сотдими?
Байрам баҳонасида
Қучоғимга отдими?
Сени ким мажбурлади,
Ҳузуримга келмоққа?
Ўзинг рози бўлдингми,
Кўнглим учун ўлмоққа?!

* * *
Яшаганинг сари камдир бу дунё,
Англаганинг сари ғамдир бу дунё.
Орқага қайтиш йўқ, бас деб айтиш йўқ,
Тинмай чорлагувчи шамдир бу дунё.

Фақат орзу билан бунёд бу очун,
Кимга меҳри ёлғон, кимга ишқи чин.
Ўзинг-ку дунёга сиғмай юрибсан,
Яна ундан ором сўрайсан нечун?

Бандилик муборак сўз зиндонида,
Билгилки, эрк яшар шоир қонида.
Дилни қанча эзсанг шунча яшайсан,
Шеър аталган мангу ҳайкал ёнида.

ТИКАН
Сенга шеър битмоқчи эмасдим асли,
Гул тутиб йўлимга чиқиб турмасанг.
Еру кўкни ёққан саратон фасли,
Бунчалар яшамоқ завқин сурмасанг.

Ям-яшилсан, майин майса рангида,
Қуёш бор меҳрини бошингдан тўккан.
Ғолибсан, чилланинг олов жангида,
Томири дарёга етган эй, тикан!

ТЎРТЛИК
Зар топдим, зўр топдим, ҳимоя топдим,
Меҳрибон дўстлару ҳамсоя топдим.
Изласам ҳар сўздан бир ғоя топдим,
Тополмадим фақат сенинг кўнглингни.