Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Зарафшон боғида ҳомийлар томонидан минглаб дарахт кўчатлари ўтқазилди

Зарафшон миллий табиат боғи биохилма-хиллик намунаси бўлиб, мамлакатимиз ёввойи табиатини асрашда муҳим ўрин тутади. Чўпонота баландликларидан бошланиб, Зарафшон дарёси бўйлаб 30 километрга чўзилган ушбу боғнинг 680 гектарини ўрмонлар ташкил этади, қолгани оддий шағал ва ярим қурғоқчил ерлардан иборат. Боғни асраб-авайлаш нафақат экология муҳофазаси учун, балки табиатдаги ноёб, йилдан-йилга майдони камайиб бораётган ўрмонларни асраб қолиш, ушбу ноёб табиатни тиклаш ва илмий тадқиқотлар олиб бориш учун ҳам катта аҳамиятга эга.

Айни пайтда боғда 300 га яқин ўсимлик турлари ўсади.  Шунингдек, бу ерда 14 гектар ҳудудда турон ёки бўз тераклар мавжуд. Вилоятда мазкур дарахт тури сақланиб қолган жой фақатгина шу ҳудуд саналади.

- Корхонамиз томонидан доимий равишда мазкур боғни асраш, ундаги ҳайвонот дунёсининг яшаб қолиши учун ҳомийлик ёрдамлари кўрсатиб келинади, - дейди “БАТ Ўзбекистон” корхонаси ходими Саидмурод Баракаев. – Мамлакатимизда олиб борилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Зарафшон миллий табиат боғида ҳудуд иқлимига мос бўлган минг туп қайрағоч, кўк терак, чинор, жийда каби дарахт кўчатлари экдик. Шунингдек, корхонамизнинг 150 нафар ходими боғни чиқиндилардан тозалаш ишларида фаол иштирок этди. Боғ ҳудудини тоза сақлаш, табиатни асраш билан боғлиқ ўнлаб ахборот-тарғибот тахталари ташкил қилиш ҳам режалаштирилган.



Реклама