Зарафшон воҳаси журналистлари тажриба алмашди
Хабар қилганимиздек, Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан муносабати билан “Янги Ўзбекистон армияси — мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!” мавзуида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, вилоят ҳокимлиги ва Марказий ҳарбий округ ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Самарқанд, Навоий ва Жиззах вилоятлари оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этди.
– Асосий мақсад – айни кунларда юртимизда ўтказилаётган Ватанпарлик ойлиги тадбирларини ёритишда ҳамкасбларимиз масъулиятини, тажриба ва малакасини ошириш, шунингдек, ҳарбийлар ҳаёти билан танишишдир, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов. – Тадбирга уч вилоятдан ҳам асосан ёш журналистлар, блогерларни таклиф қилганмиз. Улар бугун бир-бирлари билан тажриба алмашмоқда, ҳарбийлар ҳаёти, машғулотларини кузатмоқда.
Дастлаб иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Кичик мутахассислар тайёрлаш марказида бўлиб, бу ердаги машғулотлар жараёнлари, ҳарбий хизматчилар ҳаёти билан яқиндан танишди.
Марказ раҳбари, полковник Анвар Жабборов ижодкорларга юртимизда ягона бўлган кичик мутахассислар тайёрлаш маркази фаолияти, бу ерда билим ва малакасини ошираётган тингловчилар учун яратилган шарт-шароит ва имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шу кунларда ўтказилаётган ҳарбий ватанпарварлик ойлиги доирасидаги тадбирларга тўхталди.
– Марказда мамлакатимиз Қуролли Кучларида хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар бир ойдан уч ойликкача бўлган курсларда ўқиб, малака оширади, – дейди А.Жабборов. – Улар ҳар икки йилда келиб, машғулотларда қатнашади. Бу даврда улар қайси ҳарбий қисм ёки бўлинмада ишлаётган бўлса, вазифаси ва ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади. Марказда бир неча мутахассислик бўйича қисқа курсларда дарс ва амалий машғулотлар ўтилади. Ўқув жараёнлари замонавий техника ва технологиялар асосида олиб борилади, шунингдек, тингловчиларнинг жанговар, руҳий-маънавий тайёргарлиги оширилади.
Тадбир қатнашчилари марказ ўқув бинолари, маънавият ва маърифат маскани, ётоқхона ва ошхонада бўлиб, ҳарбийлар турмуш тарзига бевосита гувоҳ бўлди. Шу кунларда давом этаётган очиқ эшиклар куни доирасида марказ ҳовлисида намойиш этилаётган ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа кўргазмасигни томоша қилди. Шунингдек, ҳарбий хизматчилар томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Шундан сўнг Марказий ҳарбий округ маданият ва маърифат марказида ижодкорлар ва ҳарбийлар учрашуви ўтказилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги раҳбарлари, Мудофа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзолари ва самарқандлик ижодкорлар ҳарбий хизматчилар ва аскарларни Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги билан табриклади. Миллий армиямиз салоҳиятини ошириш, замонавий техника ва қурол-аслаҳалар билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди. Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани эътироф этилди. Учрашувда ҳарбийлар шаънига самимий дил сўзлари айтилди, шеърлар ўқилди.
Маънавий-маърифий тадбир доирасида Зарафшон воҳаси журналистлари миллий матбуотимиз асосчиларидан бири, улуғ маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейида ҳам бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг жадид боболаримиз маънавий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этишга қаратилган алоҳида эътибори натижасида ташкил этилган мазкур маънавият масканида Беҳбудий ҳаёти ва фаолияти, у яшаган давр тарихига оид ноёб экспонат ва ашёлар, тарихий асарлар сақланмоқда.
Буюк маърифатпарвар номи билан аталган мазкур уй-музейда Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг эвараси Шоҳруҳ Беҳбудий ҳамда уй-музей масъуллари меҳмонларга буюк маърифатпарвар мероси ва бу ерда сақланаётган ашёлар тўғрисида қимматли маълумотлар берди.
- Бутун умрини, ҳаётини маърифатга, маорифга бағишлаган шундай буюк инсон шажараси давомчиси эканимдан ҳамиша қалбимда жуда катта фахр, ифтихор туяман, - дейди Ш.Беҳбудий. - Аввало, Самарқанд шаҳрида бобомизнинг уй-музей очилгани улуғ аллома, жадидчилик ҳаракатининг етук намояндаси хотирасига бўлган юксак эҳтиром намунасидир.
Бобомиз ҳаётини маърифатга бағишлади, бир умр шу мақсад билан яшади. Халқни турли маърака-маросимлардан воз кечиб, фарзандларини ўқитишга чорлади. Уларга тил ўргатиш, замонавий илмлардан сабоқ беришни эртанги ёруғ келажак билан боғлади. Газета-журнал нашр этиб, халқни уйғонишга чорлади. Театр ибратхонадир, деган даъват билан илмсизлик қандай оқибатларга олиб келишини “Падаркуш”да кўрсатиб берди.
Дарвоқе, бугун уч вилоят оммавий ахборот воситалари, газета таҳририятларидан пресс-тур доирасида бобомнинг уй-музейига келган журналистларни кўриб, жуда мамнун бўлдим. Зеро, матбуот йўлида Беҳбудий босиб ўтган машаққат ёш журналистларга ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.
Тадбир қатнашчилари Самарқанд халқаро туризм маркази ва бошқа диққатга сазовор масканларда ҳам бўлди.