@zarafshonbot 'га мурожаат: Тойлоқда санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими сувнинг сифатини текшира олмайдими?
Сифатсиз сув истеъмоли қанча касалликларга сабаб бўлиши ҳақида гапириб ўтириш ортиқча. Шуниси аниқки, ҳеч бўлмаса ўзимиз доимий ичадиган сувнинг сифати ҳақида билишимиз шарт. Айниқса, айрим туманларда ҳозир ҳам ҳовлиларда 6-10 метрдан сув тортадиган босма кранлардан фойдаланилишини ҳисобга олсак, сувнинг таркибига шубҳа янада ортади.
Тойлоқ туманида яшайман. Ўзим ҳам босма крандан фойдаланаман. Чунки биз яшайдиган ҳудудда ичимлик сув тармоғи йўқ. Шу сабабдан сифатини сувдан намуна олиб, туман санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимига топширгандик. Сув истеъмолга яроқли чиқса-ку яхши. Агар сифатсиз бўлса бошқа чора кўришга мажбурмиз.
Аммо муаммо ҳозирча сувда ҳам эмас экан. Аввало, туманда шу сувнинг сифатли ёки йўқлигини аниқлай олиш масаласи ҳам муаммога ўхшайди. Чунки қарийб бир ярим ойки, ана шу биз топширган сув таркиби бўйича жавоб йўқ.
Сувдан намуна олган ходимлар ўзлари боғланиб натижани айтишини маълум қилганди. Йўқ. Ҳатто туман санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими бош врачига ҳам бир неча марта боғландик. Қандай қилиб намуна жавобини олиш мумкинлигини сўрадик. Ваъда ҳам олдик. Барибир натижа йўқ.
Энди қатор саволлар туғилмоқда. Ҳозирги вақтда ичимлик сув тармоғи бормаган ҳудудлардаги вазият билан, аввало, шу бўлимнинг ўзи хавотир олиши керакмасмиди? Аҳоли қанақа сув ичяпти, касаллик орттирмаяптими, деган саволлар мутасаддиларни қийнаши керакмасми?
Хўп, бу саволлар уларни қийнамас экан, аҳолининг ўзи мурожаат қилганда наҳотки сувнинг таркибини аниқлаб бериш имконсиз? Ўзи туман санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимида лоақал сувнинг таркибини аниқлашнинг имкони борми? Агар имкони бўлмаса аллақачон соҳага хусусий тадбиркорларни жалб қилиш, туманларда ҳам хусусий лабораториялар очиш лозим. Чунки бу бўлимга ишониб қолган одам, афтидан, ойлар давомида ҳам кутиб юраверади. Муаммо фақат мен ёки 2-3 нафар фуқароники эмас. Шу сабабдан бунга жиддийроқ қараш, санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими мутасаддиларига ҳам буни тушунтириш керак. Холбуки, шусиз ҳам, энг аввало, масалани улар яхши тушунишлари керак эди.