@zarafshonbot‘га мурожаат: Аҳволи оғирлашаётган ўғлимга ёрдам берадиган “тез тиббий ёрдам” топилмаяпти. “Отангга бор, онангга бор”дан чарчадим
27 ёшли ўғлим Хушвақт қарийб ўн кундан бери уйда ётибди. Дўхтирлар тавсиясига кўра, 24 июлда коронавирусга тест топширдик. Ўша кундан бери уни қаёққа олиб боришни билмаймиз.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Жуманиёзов телевизор орқали соҳадаги барча хизматлар кеча-ю кундуз ишлаяпти, деб гапирган эди. Амалда эса аксини кўряпман. Қаерга бормай, «отангга бор, онангга бор».
Масалан, бугун яна Шўрбойидаги «тез ёрдам»га қўнғироқ қилдим, боламнинг аҳволи оғирлашганини, тест таҳлили борлигини айтдим. +998955090344 телефонидан Самарқанд тумани «тез ёрдам» хизматига боғланишим кераклигини айтишди. +998666164303 орқали улар билан боғланди. Навбатчи «Бунинг учун махсус хизмат бор, ўшанга мурожаат қилинг», деди. +998954119138 телефонига уландим. У ердаги навбатчи эса «Йўқ, сиз туман «тез ёрдам»ига боғланинг, бу уларнинг иши» деди.
Тўғри, уйда ўзим уни бошқалардан ажратиб, дори-дармонини бериб турибман, аммо аҳволи яхши бўлмаяпти.
Кеча бир журналист орқали Жуманиёзовга манзилимизни ҳам етказгандим. Ҳеч қандай натижа йўқ. Соҳа раҳбарлари қоп-қоп ваъда бергандан кўра, беморларга зудлик билан ёрдам бериш чорасини кўрса бўлмайдими?
Мен нима қилай, аҳволи кундан-кун оғирлашаётган ўғлимнинг рангига қараб қийналиб ўтираверайми?
Ўктам ХУШВАҚТОВ,
Самарқанд тумани Навобод қишлоғи.
+998941878777