Zarafshonbot’га мурожаат: Қорасувдаги ноқонуний қурилишларга чек қўйиладими?
Самарқанд шаҳрининг Қорасув масканида кўп қаватли бино, мактаб, боғча, турли корхона ва ташкилотлар барпо этилиб, кун сайин чирой очмоқда. Аммо, кўп қаватли уйлар яқинида ноқонуний қурилишлар ҳам авж олган. Шаҳарча ичида санитария-гигиеник қонун-қоидаларга зид равишда сомсахона, кабобхона, гўшт дўкони кабилар очиляпти. Улар электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланмоқда, йўлаклар, автотураргоҳларни эгаллаб оляпти.
Айни кунда Қорасув маскани 72-кўп қаватли уйнинг орқа томонида 2 қаватли енгил конструкцияли бино қуриляпти. Ушбу ноқонуний қурилиш эгаси, яъни тадбиркор ҳеч бир ҳужжатсиз 72-кўп қаватли уйнинг газ трубасига ва электр энергиясига ҳам уланиб олган. Сомсахона очишни режалаштираётган ушбу тадбиркор нега ноқонуний фаолиятга қўл урмоқчи бўляпти?
Аслида маскандаги 72-кўп қаватли уйнинг орқа томони аҳоли дам олиши учун мўлжалланган бўлиб, бу ерда иккита фаввора, йўлаклар, дарахт ва гуллар билан безалган. Бошида бу ерда музқаймоқ ва салқин ичимликлар сотилиши йўлга қўйилиши режалаштирилганди. Энди эса тадбиркорлар дам олиш ҳудудида ноқонуний кабобхона ва сомсахона очиб, аҳолини тандир ва қўралардан чиқаётган дудлар билан заҳарламоқда.
Икки қаватли енгил конструкцияли бинода яна сомсахона очиладиган бўлса, 71-, 72-, 75-кўп қаватли хонадон эгалари тоза ҳаво тополмай азият чекиши турган гап.
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги, мутасадди идоралар Қорасувдаги ноқонуний қурилишларнинг олдини олишга эътибор қаратса яхши бўларди.
Қорасув маскани
72-кўп қаватли уйда яшовчилар.