Зардоб соғлиқ ва гўзаллик учун қанчалик фойдали ва аёллар нега уни яхши кўришади?

Мутахассислар тадқиқодларга асосланиб, зардоб 2-босқичдаги қандли диабетни даволашда янгича ёндашув бўлиши мумкинлигини айтишади.

Ҳар куни нонуштадан аввал зардоб истеъмол қилиш инсулин ишлаб чиқаришни яхшилаб, 2-тоифа диабет билан оғриган беморларда овқатдан кейин глюкоза даражасининг кескин кўтарилиш эҳтимолини камайтирар экан. Зардоб глюкагон каби пептид-1 (ГЛП-1) ишлаб чиқаришни ошириши эвазига қон глюкозаси кескин кўтарилишининг олдини олади, дейишмоқда мутахассислар.

Зардобнинг ушбу хусусиятини замонавий диабетга қарши дориларга таққослаш мумкин.

Шунингдек, зардоб ошқозон ости бези ишини меъёрлаштириб, организмни ортиқча суюқлик ва токсинлардан халос этади. Ошқозон, ичак ва шиллиқ қаватларда яллиғланиш хавфини сезиларли даражада камайтиради. Шу билан бирга зардобда пробиотиклар, оқсиллар, фойдали минераллар, В, C, Е, ПП гуруҳ витаминлари мавжуд бўлиб, у асаб тизимига ҳам фойдали таъсир кўрсатади.

Ҳар бир аёл ўз ёшлиги ва жозибали ташқи кўринишини узоқ йиллар давомида сақлаб қолишни истайди. Соғлом юз териси, жилоли соч ва тирноқлар, шунингдек, гўзал ва нафис қоматга эга бўлиш истаги ёш ва чегара танламайди. Тадбирли хонимлар эса бундай тўсиқлардан қўрқмайдилар, улар жозибали кўриниш учун астойдил ҳаракат қиладилар.

Зардоб ортиқча вазн муаммоларида ҳам беминнат ёрдамчи. У ортиқча вазн учун профилактика сифатида ишлатилади. Танада тозаловчи вазифасини ўтайди, хавфли холестеринга қарши курашиш хусусияти билан чиройли қоматга хизмат қилади.

Зардоб танадан ортиқча суюқликни чиқаришга ёрдам беради. Танадаги шишларда, айниқса оёқлар шишганда асқотади. Шу сабабдан ҳам кўпинча ҳомиладор аёлларга зардоб ичиш тавсия этилади.

Соғлом сочлар ва тиниқ юзлар учун гўзаллик воситаси

Зардоб сочлар ва бош терисини ортиқча ёғлардан тозалайди, шунингдек соч тўкилишининг олдини олади. У соч фолликулаларининг асосий таркиби бўлган оқсилга бой. Таркибидаги витаминлар гуруҳи сочларга куч, эластиклик ва табиий жило беради.

Зардоб сепкилларга қарши курашда ҳам ажойиб восита ҳисобланади. Бунинг учун творог ва зардобдан тайёрланган ниқоб тавсия этилади.

Зардобда оқсиллар мавжуд, улар ҳужайраларда янгиланиш ва ўсиш жараёнларини тартибга солади. Зардобни гўзаллик ва саломатлик эликсири, дейишлари шундан. У қариш жараёнини секинлаштиради, антиоксидант фаолликни ошириш  ва тикловчилик хусусиятларига эга.

Зардоб ошқозон-ичак фаолияти, жигар ва буйраклар, овқатдан заҳарланиш, юрак-қон томир тизими ва мия томирлари, нафас олиш йўллари, тери касалликларини даволаш учун тавсия этилади.

Зардобли муолажаларни оилавий шифокорингиз билан маслаҳатлашган ҳолда қабул қилинг.