Зеленский Путиннинг Рождество байрамида ўт очишни тўхтатиш буйруғи ниқоб эканини айтди
Россия президенти Владимир Путин мудофаа вазири Сергей Шойгуга Украинада 36 соат давомида ўт очишни тўхтатиш режимини эълон қилишни топширган эди. Ўт очишни тўхтатишни эълон қилган Путин, Рус православ черкови раҳбари Патриарх Кириллнинг илтимосига ишора қилган.
Аввалроқ, декабрь ойи ўрталарида Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Украина билан Янги йил ёки Рождество сулҳини тузиш масаласи муҳокама қилинмаётганини айтганди. "Ҳеч кимдан таклиф тушмаган ва бундай мавзу кун тартибида ҳам йўқ", деган эди у ўша пайтда журналистларга.
Украина Президентининг офисида Патриарх Кириллнинг мурожаати "бемаъни тузоқ ва ташвиқот элементи" деб номлашган.
Зеленскийнинг идораси Путиннинг ўт очишни тўхтатиш таклифига “Мунофиқлигинг ўзингга сийлов” деган сўз билан жавоб берган ва бу ҳаракатни ниқоб деб баҳо берган.
Украина Россия Федерацияси билан Рождество сулҳини муҳокама қилмаслигини Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов маълум қилган. “Келинг, амалий тилда гаплашайлик. Улар бу сулҳни кимга таклиф қилмоқда? Ўз ўзигами", деган Данилов ва рус қўшинларига "лаш-лушини йиғиштириб" уйга қайтишни таклиф қилган. "Улар билан ҳеч қандай музокаралар бўлмайди..." дея қўшимча қилган у.
Бу Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришидан кейин бутун фронт чизиғи бўйлаб ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги биринчи эълонидир. Бу қарорни Путин Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Ердўғон билан музокарадан сўнг маълум қилган.
Агар Украина ўт очишни тўхтатишни рад этса, Россия армияси сулҳга риоя қиладими ёки йўқми, номаълум. Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Путиннинг Рождество байрами муносабати билан ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги буйруғи бажаришини маълум қилди. Шу билан бирга, ўзини ўзи эълон қилган ДХР раҳбари Денис Пушилин гап фақат ўт очишни тўхтатиш ҳақида кетаётганини таъкидлади. “Қарор биз томонимиздан ўт очишни тўхтатиш ёки ҳужумкор ҳаракатларга тегишли. Аммо бу - биз душман провокацияларига жавоб бермаймиз, дегани эмас!” деган у.
Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли Россиянинг Рождество сулҳига оид таклифи тинчлик "истиқболини" яқинлаштирмаслигини айтди. Буни Украина Рождество сулҳини тўхтатиш ғоясидан воз кечгани ва буни Россиядаги позицияларини мустаҳкамлаш учун фронт чизиғидаги "қопқон" дея аташи аён қилмоқда.
АҚШ махсус операция зонасида Россия таклиф қилган Рождество сулҳини беадаблик дея ҳисоблайди, деди Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс.
Унинг сўзларига кўра, Вашингтон Россия қайта гуруҳлаш учун вақтинчалик паузалардан фойдаланиш ниятида. “Агар бу жангчиларни тайёрлаш ниятида қилинаётган бўлса, буни сулҳ сифатида кўриб бўлмайди”, деди Прайс.
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок эса Путиннинг баёнотини кескин танқид қилган: "Путин қисқа танаффусдан кейин урушни давом эттириш ниятида эканлиги аниқ. Агар Путин тинчликни истаса аскарларини уйига олиб кетарди ва уруш тугарди" деган Бербок.