Зеленскийнинг АҚШга ташрифи. Трамп Россияга қарши санкцияларни узайтирди: энди нима бўлади? Шимолий Корея ядро қуролидан фойдаланишга тайёрланмоқчи

🔹 Бугун Украина Президенти Зеленский АҚШга борди. Украина президенти сенаторлар билан учрашиши, сўнг Оқ уйга бориши ва Трамп билан музокаралар бошланиши кутилмоқда. Учрашувдан асосий мақсад аввалдан келишилган минерал ресурслар бўйича келишувни имзолаш. 

🔹 Покистондаги Ҳаққоний мадрасасига ҳужум уюштирилди. Бир киши ҳалок бўлган, яраланганлар бор. 

🔹 Кеча Истанбулда АҚШ ва Россия вакиллари учрашуви бўлиб ўтди. Аслини олганда, олти соатлик музокаралардан сўнг фақат расмий жавоб ва умумий таърифлар мавжуд. Томонлар ёпиқ эшиклар ортида мулоқот қилган ва изоҳ беришдан бош тортган. Маълумки, музокараларда элчихоналар фаолиятини тиклаш масаласи муҳокама қилинган. Давлат департаменти музокараларни “конструктив” деб атади. Бу масала юзасидан яна бир йиғилиш бўлиб ўтади.

🔹 Исроил гаровга олинган тўрт кишининг жасади эвазига юзлаб одамларни озод қилди. Баъзи маҳбусларнинг яқинлари бир йилдан ортиқ кутишган. Ҳатто Исроил қамоқхоналарида 20 йил умрини ўтказганлар ҳам бор.

🔹 Швеция Россия билан юзага келиши мумкин бўлган қарама-қаршиликка тайёр бўлиши керак. Бу ҳақда мамлакат Ташқи разведка хизмати маълум қилди. Болтиқбўйи минтақасида Россия ҳарбий фаоллиги вақтинчалик пасайганига қарамай, уруш тугаганидан кейин вазият ўзгариши мумкин. Расмийлар Россия президенти Владимир Путинга мунтазам равишда ишонч билдираётган АҚШнинг ҳозирги позициясидан хавотирда.

🔹 2025 йилнинг 27 февралида АҚШ президенти Доналд Трамп Россияга қарши бир қатор санкцияларни бир йилга узайтирди. Бу санкциялар кенг қамровли чекловларни ўз ичига олади: молия, энергетика ва мудофаа соҳаларига қарши соҳавий чоралар ва ҳоказо. Санкциялар узайтирилиши Россия иқтисодиётига сурункали босим ўтказиб, таркибий заиф томонларини кучайтиради, лекин дарҳол инқирозга олиб келмайди. Россия 2025 йилда захиралар, импорт ўрнини босувчи ва муқобил бозорлар туфайли омон қолишга қодир, аммо бу омон қолиш турғунлик ва турмуш даражасининг ёмонлашуви билан бирга келади, дейишмоқда таҳлилчилар.

🔹 Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мамлакат қуролли кучлари ядро қуролидан фойдаланишга тайёр бўлишини буюрди. Шунингдек, КХДР бугун стратегик қанотли ракетани учирди. Гап ядровий тўхтатувчи кучларни текширишга қаратилган синовлар ҳақида бормоқда.

🔹 Ҳиндистонда қор кўчкиси остида қолган ишчилар гуруҳи - 41 киши бедарак йўқолган. Воқеа жойида қутқарув операцияси давом этмоқда. 

🔹 Афинада 57 кишининг ҳаётига зомин бўлган поезд ҳалокатига икки йил тўлганлиги муносабати билан минглаб одамлар норозилик намойиши учун кўчаларга чиқди. Полиция шовқинли гранаталар ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Грецияда кўпчилик ҳалокат сабабларини ўрганилишидан норози.

🔹 Хитойда бола савдоси билан шуғулланувчи 61 ёшли Ю Хуайинг қатл этилди. Аёл Гонг исмли эркак билан провинциялардан болаларни ўғирлашган. Тергов жараёнида эркак вафот этган. У суд қарори устидан шикоят қилмоқчи бўлган, бироқ юқори суд уни ўз кучида қолдирган.

Г.Холдорова тайёрлади.