Зобитлар ёшлар ҳузурида
Вилоят мудофаа ишлари ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ҳуқуқ-тартибот соҳасида ишлаган ва фаолият кўрсатаётган офицерлар коллежнинг махсус академик гуруҳида таҳсил олаётган ўқувчи-ёшлар билан учрашди.
– Бу тизимда ишлашнинг завқи бошқача, – дейди Мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Самарқанд вилоят кенгаши раиси Исомиддин Рўзиев. – Ватан ҳимояси, юрт тинчлиги учун курашиш кишида фахр ҳисини уйғотади, масъулият ва шижоат билан ишлашга ундайди.
Тадбирда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Ватанни ҳимоя қилиш шараф эканини улар онгига сингдириш каби мавзуларда маърузалар тингланди.
– Болалигимда ҳарбийларни кўрсам, ҳавасим келарди ва улардек юрт ҳимоячиси бўлишни орзу қилардим, – дейди Акбар Бурхонов. – Ўша қизиқиш коллежга келиб, шу йўналишда ўқишимга сабаб бўлди. Бугун фахрий ва хизмат бурчини адо этаётган инсонларни кўриб, ҳарбийликка иштиёқим янада ортди.
Тадбир сўнгида таклиф этилганларга байрам совғалари топширилиб, ўқувчилар томонидан Ватан ҳақидаги шеър ва табриклар айтилди.
Абдужаббор ПЎЛАТОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).