Зойир Мирзаев: Қашқадарёликларнинг яхши шароитларда яшашга ҳаққи бор
Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ЎзА мухбирининг ҳудуд билан боғлиқ бир нечта ҳақли саволларига жавоб берди.
– Сиз кўп жойларда раҳбарлик лавозимларида ишлагансиз. Қашқадарё вилоятининг ўзига хос томонлари, одамлари ҳақидаги дастлабки таассуротларингиз?
– Қашқадарё вилояти ҳокими сифатида фаолият бошлашимдан аввал ҳам вилоятга кўп бора келганман. Инсонларига келсак, шу ерлик ўртоқларим жуда кўплиги боис тасаввурим бор эди. Лекин ўтган қисқа даврда Ғилон, Чиял, Кўл ва Оққишлоқларида бўлиб, бир нарсага амин бўлдимки, бағрикенглик ва яшаб турган заминга садоқат борасида бу халқдан кўп нарсани ўрганса бўлади.
– Қашқадарё вилояти мамлакатимизда энг кўп ғалла ва пахта етиштирадиган, республиканинг асосий нефт-газ захиралари жойлашган минтақа ҳисобланади. Шундай бўлса-да, нега аҳолининг яшаш шароити кўнгилдагидек эмас. Бу аҳолидан келаётган шикоятларнинг кўплигида ҳам кўринади...
– Ҳақиқатдан ҳам Қашқадарё вилояти ҳар томонлама реал имкониятларга, салоҳиятга эга вилоятлардан бири. Шундай бўлса-да, вилоятнинг айрим ҳудудларида яшаш шароитлари ҳаминқадар эканлиги ҳам бор гап. Бугун ҳамма нарсани борлигича айтиш вақти келганидан фойдаланиб очиқ айтаман. Энг оғир масалаларимиз бу аҳолини ичимлик суви балан таъминлаш. Ичимлик суви масаласидан ташқари бошқа соҳалардаги камчиликларни ҳам босқичма-босқич равишда тез орада бартараф этишни мақсад қилганмиз.
Йўл масаласи, электр узатиш линиялари, газ узатиш тармоқларида қилинадиган ишлар кўлами катта. Бундан ташқари, охирги 2 йил давомида сел ва табиий офатлардан зарар кўрган 36 та турли ҳажмдаги кўприклар таъмири ҳам жорий йилда ўз якунига етади. Қарши шаҳридаги кўп қаватли уйларда иссиқлик таъминоти ва ичимлик сувини узлуксиз етказиб бериш, шунингдек, вилоят аҳлининг яшаш шароитини яхшилаш борасида тизимли ишларни бошлаб юборганмиз.
Жумладан, аҳолининг ижтимоий турмуш тарзини яхшилаш мақсадида 1097 километр узунликдаги электр тармоқлари ва 305 дона трансформатор пунктларида янги қуриш ва реконструкция ишлари, 68,4 километр газ қувурларини янгидан тортиш, 3,2 километр газ қувурларини капитал таъмирлаш ва 1,6 километрини реконструкция қилиш, 5 та газ тақсимлаш пунктларини мукаммал таъмирлаш, 94 800 тонна суюлтирилган газ етказиб бериш, шунингдек, 18 та аҳоли пунктларида 92,5 миллиард сўм маблағ эвазига 161,8 километр ичимлик суви ва канализация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади.
Бу ерда энг муҳим лойиҳа “Оқсув-Деҳқонобод” лойиҳаси бўлиб, қиймати 100,5 миллиард сўмни ташкил этади. Лойиҳа Деҳқонобод туманининг 117 та қишлоқларини сув билан таъминлаш имконини беради.
Инвестиция дастури доирасида 23 та умумтаълим мактаблари (6902 ўқувчи ўрни), 16 та соғлиқни сақлаш объектлари (151 қатнов ва 761 койка), 4 та болалар спорти иншоотлари, 36 та мактабгача таълим муассасалари (5520 ўрин) янгидан қурилади ҳамда Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти 10 миллиард сўм маблағ эвазига реконструкция қилинади.
– Вилоятда ишсизлик даражаси юқори. Янги раҳбар сифатида бу муаммонинг олдини олиш учун нима қилиш керак, деб ўйлайсиз?
– Бандлик масаласи энг муҳим муаммолардан бири. Шу мақсадда аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашда асосан, тадбиркорлар катта суянчимиз бўлади, деб ҳисоблайман. Президентимиз саъй-ҳаракати ва шахсий ташаббуслари билан мамлакатимизда тадбиркорликнинг қонуний асослари мустаҳкамланди. Шу боис вилоятда фаолият олиб бораётган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг фаолияти ҳамда сонини кенгайтиришни мақсад қилганмиз. Шунингдек, 2020 йилда 21 мингта янги иш ўрни ташкил этиш мақсадида ҳудудлар, йўналишлар ва секторлар кесимида иш излаётган фуқаролар рўйхати шакллантирилади. Бу борада йирик лойиҳаларни амалга ошириш, кичик корхона ва микрофирмалар ташкил этиш, оилавий ва якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
Бир жиҳатни айтиш лозимки, иш билан таъминлашда ҳар бир иқлим ва ер шароити, хомашё ресурсларидан келиб чиқиб ёндашамиз.
Мисол учун, вилоятда цемент маҳсулотларига бўлган талаб 3 фоизга қондирилса, шифер ва гипсакартон умуман ишлаб чиқарилмайди. Китоб туманида хитойлик ҳамкорлар билан қурилаётган цемент заводида 500 дан ортиқ ёшлар иш бошлайди. Айни шу туманда 200 гектар майдонда интенсив кўчат етиштириш корхонаси ташкил қилинган. Жорий йилда бу ерда ҳам иш кўлами кенгайиб, кўплаб иш ўрни яратилади. Йилига 3 миллион дона интенсив гилос, шафтоли, қароли ва олма кўчатлари боғбонларга етказиб берилади.
– Йўллар мамлакатнинг қон томирлари ҳисобланади. Вилоятнинг кўплаб туманларида умумфойдаланувдаги йўлларнинг аҳволи ҳамон ачинарли аҳволда. Бу борада қандай ишлар амалга оширилади?
– Аҳоли билан учрашувларда ҳам марказий, айниқса, ички йўллар ҳолатининг талабга жавоб бермаслиги бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушади. Бу борада ҳам мақсадли ва режали ишларни амалга оширишни мақсад қилганмиз.
Йўллар борасида солиштирсак бошқа ҳудудларга қараганда қилинадиган ишлар жуда кўп. Қишлоқларимизда, айниқса, тоғли ҳудудлардаги йўллар ачинарли аҳволда.
Вилоят ҳудудида жами 18446 километр йўллар мавжуд. Шундан 425 километри халқаро аҳамиятдаги, 889 километри давлат аҳамиятидаги, 2112 километри маҳаллий аҳамиятдаги ва 15020 километри ички автомобиль йўлларидир. 8616 километр, яъни жами йўлларнинг 47 фоизи таъмирга муҳтож. Шундан 84 километри халқаро, 270,6 километри давлат, 486 километри маҳаллий аҳамиятдаги ҳамда 7 775,4 километри ички йўллар ҳиссасига тўғри келади.
Қашқадарё халқининг яхши шароитларда яшашга ҳаққи бор. Шу мақсадда, юқоридаги режаларимизни ўз вақтида амалиётга татбиқ этиб, воҳа аҳлининг яшаш шароитини юқори ўринларга олиб чиқиш энг асосий мақсадимиздир.