Зулайҳо Маҳкамова: «Энди хато қилишга ҳаққимиз йўқ»

Ахборот асри маконида, турли ғоялар ва уларни сингдиришга уринишларга кенг имкониятлар мавжуд бир пайтда инсониятни таназзулдан асраб турувчи одамийлик мезонлари, миллий қадриятларни асраш осон иш эмас.

Кейинги йилларда мамлакатимизда жаҳолатга қарши маърифат каби баландпарвоз шиорлар билан эмас, хонадон аъзоларидан бирма-бир ҳол сўраш, уларнинг яшаш тарзи, шароитини ўрганиш, кайфиятидан бохабар бўлиш орқали улар билан мулоқотга киришиш асосий йўналишга айланди. Худди шу йўналиш ўзида тарғиботни ҳам, таъсир воситаси вазифасини ҳам жамлаган ҳолда одамларнинг руҳиятини яхшилаши устун деб ҳисобланилди. Кейинги йилларда фаол, диний, дунёвий билимларга эга онахонлардан иборат тарғибот гуруҳлари ҳам айнан шу мақсадда фаолиятини бошлаган эди. Ушбу гуруҳ аъзолари катта аудиторияларда баландпарвоз йиғилишлар ўтказмади, билъакс, кичик давраларда аёллар, оилаларнинг аҳволидан бохабар бўлди, зарур бўлганда уларга кўмак берди.

Самарқандда маҳаллаларда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш юзасидан ўтказилган ўқув машғулоти айнан шу тарғибот гуруҳи аъзолари, оила ва хотин-қизлар бошқармасининг шаҳар, туман бўлимлари фаоллари иштирок этди. Йиғилишда Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ҳам иштирок этиб, ўз фикрларини билдирди.

-Маънавий бўшлиқ бор жойда албатта турли ёт ғоялар, қарашлар ўрин эгаллашга ҳаракат қилади, - деди З.Маҳкамова. – Мустақилликнинг илк йилларида, ҳали кўпчилик коммунистик мафкурадан ажралолмай турган бир пайтларда юзага келган бўшлиқ афсуски, аҳолига ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Яхшилик ниятида дунёга очилган эшикдан ўз манфаатларини ўйлаган, охири жиноятга олиб борадиган оқиму, қарашлар кириб кела бошлади. Бу ўз навбатида узоқ йиллар давомида одамларга ўз таъсирини кўрсатди. Хатоликлар, адашишлар содир бўлди. Давлатимиз томонидан бу ҳолатлар ўз вақтида олди олиниб, бағрикенглик, кечиримлилик фазилатлари намоён этилди. Аммо бу ҳолатлар яна такрорланмайди, дея кафолат бера олмаймиз. Бугунги ахборот асрида ҳар дақиқа ҳушёрликни бой бермаслигимиз керак. Энди хато қилишга ҳаққимиз йўқ.

Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, хотин-қизларнинг илм олиши, ҳунар эгаллаши йўлида амалга оширилаётган ишларнинг барчаси аслида нафақат уларнинг ҳаётини фаровонлаштириш, балки ҳаётга теран нигоҳ билан қараш, оилавий муаммоларини ҳам енгишда маънавий қарашлари тош босишига эришувдан иборатдир. Ўтган йили 17 мингдан зиёд оилаларга уй ажратилишида кўмак берилгани, иш бошлайман, деган хотин-қизларга 4 триллион сўмга яқин маблағ ажратилгани ва бошқа кўплаб рақамлар айнан шу мақсадга қаратилгандир.

Анжуманда шунингдек, вилоятда хотин-қизларга яратилаётган шароитлар ва бунинг натижасида оилалардаги ўзгаришлар, мавжуд муаммолар, уларнинг ечимини топишда тарғибот гуруҳи фаолларининг ўрни бўйича ҳам мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари билдирилди. Хотин-қизлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни мўътадиллаштирилга қаратилган тарғибот гуруҳига жамоатчилик асосида янги раҳбар, Самарқанд шаҳридаги 17-умумтаълим мактаби директори Дилфуза Ҳусанова тайинланди.

Бош вазир ўринбосари З.Маҳкамова шунингдек, тадбиркор аёлларни ўқитиш маркази фаолияти билан ҳам яқиндан танишди ва тадбиркор хотин-қизларнинг мурожаатларини қабул қилди.