Пайариқ туман марказида такси ҳайдовчилари машина қўйишга жой йўқлиги сабаб ҳар куни ўз-ўзидан “қоидабузар”га айланиб қолаётганидан шикоят қилмоқда.
“Оиламни таксичилик билан боқаман. Машинани бошқариш учун қўйилган талабларни беками-кўст бажаришга ҳаракат қиляпмиз. Лекин биз, ҳайдовчиларда битта муаммо бор. Машинамизни туман марказининг қаерига қўйишни билмаймиз. Аҳоли марказий шифохонанинг рўпарасини бекат қилиб олишган. Чунки одамлар қаерда бўлса, йўналишсиз таксилар ҳам шу ерда бўлади. Афсуски, бу ерга машина қўйиб, одам олиш мумкин эмас. Таъқиқловчи белгилар бор. Буни киракашлар жуда яхши билишади. Начора, ҳайдовчилар нима қилсин, додимизни ким эшитади? Машинамиз одамга тўлгунча юрагимизни ҳовучлаб турамиз. Бирон текширувчи келиб қолмадимикин, расмга тушиб қолмадикми деб.
Кўпчилик ҳайдовчилар “расмга тушиб”, жарима ҳам тўлаяпти. Лекин бари бир иш давом этяпти. Тирикчилик-да, автобус бўлмагандан кейин одамлар кўчада қолиб кетмайди-ку?! Мана шу тарафларини ҳам ўйлаш керак, ахир? Ким келса, “марказий шифохонанинг олдига боринглар, истаганча қоидабузарлик бор”, дейди. Айтинг, шунда биз қаерда турайлик? Қачонгача жарима тўлаймиз? Наҳотки, биронта жойдан бекат ташкил қилишнинг иложи бўлмаса?” дейди ҳайдовчилардан бири.
Пайариқлик киракашларнинг куйиб-пишганича бор. Юқорида номи тилга олинган ҳудуддаги кўчанинг икки томони машиналар билан тўлиб кетган. Қулоғингизни “Самарқанд”, “Челак”, “Деҳқонобод”, “Баҳрин”, дея бақириқ-чақириқ овозлар қоматга келтиради. Четдан келган киши Пайариқнинг автошоҳбекати ана шу бўлса керак, дейиши аниқ.
Бу ҳам майли. Тирбандликка ким жавоб беради? Ҳар дақиқада марказий шифохонага бемор келиб қолиши мумкин. Тез ёрдам машиналари бундай тирбандлик вақтида учиб ўтмаса керак. Тиббий тез ёрдам ҳам эл қатори тирбандлик тарқалишини кутишга мажбур. Бу бемор учун қимматга тушиши мумкинлигини ҳеч ким ўйламайди.
Челак марказида ҳам шу аҳвол.
Хуллас, туман марказида йўналишсиз таксилар учун албатта битта автошоҳбекат керак.
Ҳусниддин ХОЛДОРОВ,
Сайдулла РАШИДОВ.