“Алло, дўхтир, болам касал...”
Очиғини айтганда, ушбу мақолани ёзишни кўпдан бери ўйлаб юрган бўлсам-да, негадир сира қўлим бормасди. Қандайдир андиша ёки истиҳола мени ниятимдан қайтариб турарди. Аммо вазият тобора жиддий тус олиб, ҳолат ёмонлашиб боравергач, қоғоз қоралашга мажбур бўлдим.
Мақола ёзилиши ортидан эшитишим мумкин бўлган баъзи бир таъна-дашномларга қарамай, бугун мени айни мақолани ёзишимга мажбур қилган, мени таниган ёру дўстларга бир ойна тутгим келди.
Аминманки, ҳаммангизнинг ҳам танишларингиз орасида шифокорлик касби билан шуғулланадиганлари бор. Уларга сира ишингиз тушишини ният қилмасангизда, иссиқ жоннинг иситмаси бўлганидан, ора-сира саломатлик тўғрисидаги баъзи маслаҳатларни сўраш учун ўша танишларингизга ёки учрашасиз, ёки қўнғироқ қилиб маслаҳат қиласиз. Агар бориб шахсан учрашсангиз ёки беморингизни ўша таниш шифокор қабулига олиб борсангиз, нур устига нур. Аммо баъзан таниш шифокорингиз сиздан узоқроқ масофада истиқомат қилса ёки ишласа, маслаҳатни телефон қўнғироғи орқали қилишингизга тўғри келади. Масалани энг нозик жиҳати айнан шу телефон қўнғироқлари орқали қилинадиган мурожаатларда.
Мен аввало тиббиёт олийгоҳининг педиатрия факультетида таҳсил олганлигим боис, биринчи мутахассислигим педиатрлик. Магистратурада эса яна болалар юқумли касалликлари йўналишида ўқидим. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасида салкам ўн йил фаолият юритдим. Гарчи бугунги кунда ультратовуш диагностикаси хонасида ишлаётган бўлсам-да, асосий мутахассислигим барибир педиатр, инфекционист бўлиб қолаверади. Қолаверса бизнинг халқимизда педиатр медиатр деган гап йўқ. Шифокорни битта касби бор: дўхтир!
Кимнинг қаери оғришидан қатъий назар, сизни мутахассислигингизга тўғри келса-келмаса мурожаат қилаверишади. Мен бугунги кунда вилоят марказида, ўзим туғилиб ўсган туману қишлоқдан бир қадам нарида яшаганлигим сабабли, мени таниган ёки танишларимдан рақамимни олган кишилар ўзлари ёки ёш болаларининг саломатликларидаги муаммолари тўғрисида тез-тез мендан телефон қўнғироғи орқали маслаҳат сўраб туришади. Айнан шу қўнғироқлар асосан куннинг биринчи ярмида, соат 9-10 лар атрофида бўлади. Агар ўша пайтда қўлим телефонга етиб, қўнғироққа жавоб бера олсам, хўп-хўп, агар вақтида жавоб беролмасам ёки кейинроқ жавоб берсам, қўнғироқ қилган кишининг гап оҳанги бирдан ўзгаради.
Шу ўринда бир муҳим гапни таъкидламасам бўлмайди, яъни таниш врачингизга телефон қилсангиз-у у қўнғироғингизга жавоб бермаса, билингки, у буни атай қилмайди. Ўша таниш врачингизни ўзи ишлаётган иш жойида белгиланган график асосида иш вақти, масъулияти бор. Қабулига узоқ-яқиндан беморлар келиб ўтирган бўлади. Ёки иккала қўли бирор тиббий диагностик ёки даволаш процедураси билан банд бўлади. Ўшандай пайтда диққатини бўлиб, қўнғироғингизга жавоб бераман деса, олдидаги беморнинг соғлиғига зиён етказиб қўйиши мумкин. Мен орқаваротдан эшитиб юрганимга анча бўлди. Эмишки, мен катта одам бўлибман, босар-тусаримни билмай, қўнғироқларга жавоб бермас эмишман. Бундай ҳолат мен каби бошқа шифокорларда ҳам учрайди. Худо ҳақи, ишонинг, асло ундай эмас. Мен ҳали-ҳамон ўша Сиз таниган одамман. Аммо ишдаги масъулият, ишдаги тиғизлик менинг телефон қўнғироғингизга вақтида жавоб бера олмай қолишимга сабаб бўляпти, холос.
Энди масаланинг янада нозикроқ, иккинчи томони ҳам бор. Юқорида ёзганимдай болалар шифокори бўлганлигим сабабидан, менга телефон орқали мурожаат қилувчиларнинг аксарияти болалари ёки жиянларини касаллиги туфайли мурожаат қилишади. Мурожатларнинг деярли ҳаммаси шу кўринишда бўлади:
— Алло, ассалому алайкум, дўхтир, яхшимисиз!
— Ассалому алайкум! Раҳмат яхши! Ўзингиз яхшимисиз!
— Ў, дўхтир, бизди ўғилча қизамиқ бўлибдида, иссиғи тушмаяпти, шунга нима дори айтасиз?
Шу пайтда мен врач сифатида қизамиқ нима эканлигини, унинг болалар учун хавфли касаллик эканлигини, касалликнинг ўрта оғир шакли ҳам бир қанча асоратлар бериши мумкинлигини ўйлаб, кейин бир-бир савол бера бошлайман:
— Неча кундан буён иситма қилади, йўтали борми, тошма қачон тошди, бугун тошманинг нечанчи куни, ичи суюқ кетмаяптими, сийиши яхшими, уйқуси қандай, иштаҳаси қанақа, қандай дорилар бердинглар, бирорта врач кўрдими?
Болани тўрт-беш кундан буён касал эканлигини айтиб, берган саволларимга чала-чулпа, нотўлиқ жавоб ортидан қуйидаги овоз келади:
— Ҳа, фалончи дўхтир кўрди (қишлоқдаги фельдшерни айтади. Оқ халат кийса, демак у дўхтир), битта иккита дори айтди, лекин шу иситмаси тушмаяптида, шунга дориларини СМС қилиб ёзиб юборинг, илтимос...
Ҳаммаси энди бошланади. Демак, мен қишлоқ фельдшери кўриб, қизамиқ деб ташхис қўйган болага, беморни кўрмасдан, дориларини СМС қилиб юборишим керак. Ҳой барака топгур, ҳа у бола! Уй жонивори эмас, ахир. Беморни тери қопламасидаги тошмани, шиллиқ қаватларини кўрмай, ўпкасини, юрак уришини эшитмай, пульсини санамай, йўтал характерини аниқламай, қорин соҳасини пайпасламай, касалликни тиббиёт тилида айтилганда визуал кўриб, объектив баҳоламай туриб, биз авлиё эмасмизки дорини СМС қилиб ёзиб юборсак. Бирор мантиққа тўғри келадими шу?!
Шундаям ўзимни қўлга олиб:
— Болани аҳволи сал жиддийга ўхшаяпти, дарҳол шифохонага ётқизиш керак. Юқумли касалликлар шифохонасига тезда боринглар (тумандаги шифохонани назарда тутаман), врачларимиз кўрсин! Яна маслаҳатлашамиз, - дейман.
Шунда нариги томондан бироз норози оҳангда:
— Дўхтир, больницага оборишга озроқ шароит йўқ эди, фалон-фулон сабаблар бор. Шунинг учун сизга телефон қилдик, шунга дориларини айтиб юборинг...
— Болани кўрмай туриб, дори айтиш қийин-да, тошмасини кўриш керак эди, - дейман минг истиҳола билан.
— Ҳозир телеграмдан расмини ташласам бўладими, - дейди суҳбатдошим...
Хўп, ҳурматли ўқувчилар, сиз нима деб ўйлайсиз? Шундай пайтда кўз билан кўрилмаган, қулоқ билан эшитилмаган беморга дори айтишга тиббиёт ходимининг ҳақи борми? Мен врач сифатида сиз, азизларга шуни аниқ айтишим мумкинки, соғлиғингизга соя соладиган бирорта аломатни майда санаманг. Сиз арзимас деб қараган биргина симптом ортидан сал ўтмай даволаниши қийин кечадиган оғир хасталиклар пайдо бўлиши мумкин. Ўзингиз ёки яқинларингизда бирор касаллик аломати сезилса, дарҳол врач қабулига боринг! Шифокор танишингиз телефон орқали сизга фақат энг зарур ва бирламчи маслаҳатни бера олади, холос. Масалан боламни ичи кетяпти десангиз, инфекционист кўрсин, деса, йўталяпти десангиз педиатр кўрсин, дейди. Бугун ғойибдан, телефон орқали болангизга муолажа ёзадиган, сиз учун яхши врачингиз, эртага Худо кўрсатмасин, кўрмай-билмай ёзган муолажасининг ортидан кузатиладиган бирор нохуш ҳодиса туфайли энг ёмон одамингизга айланиб қолмасин.
Орифжон Комилов.