Помидор “дарахт”и йилига 1,5 тонна ҳосил беради(ми?)

Дарахт-помидор ҳақида эшитганмисиз? “Спрут F1” навли помидор кўчатини Булунғур тумани Гулзор маҳалласида яшовчи деҳқон Шерали Холдоров парваришлаб келяпти. Бу помидор поясининг узунлиги 15 метргача етиб, 8-9 йиллик бўлганида йилига 1,5 тоннагача ҳосил берар экан.

- Иссиқхонада маҳсулот етиштиришни бошлаганимга 6 йил бўлди, - дейди Шерали ака. – Америка, Голландия, Россия ва бошқа давлатлардан буюртма асосида келтирилган 30 турдаги помидор кўчатларини парваришлаяпман. Улар орасида сариқ, кўринишидан лимонга ўхшаш, кивининг таъмини берадиган помидор ҳам бор. Шунингдек, қора ва бинафша рангли помидорларни ҳам етиштирганман. Иссиқхонамда пишиб етилган бодринглар ҳам ноёб. Баъзилар ёнғоқнинг “шиғир-шиғир”ига қизиқади, баъзилар эса каптарнинг қанот қоқишига, айримлар бедананинг сайрашини хуш кўради. Мен эса помидор ва бодрингнинг “жинни”симан. Ижтимоий тармоқлар орқали дунёнинг қайсидир бурчагида янги нав ҳақида хабар топсам, албатта, буюртма беришга ошиқаман.

Иссиқхонада етиштирилаётган маҳсулотлар фақат маҳаллий ўғит билан озиқланади. Уларни турли зарарли ҳашаротлардан ҳимоя қилишда ҳам кимёвий воситалардан фойдаланилмайди. Тунда келадиган ҳашаротларга Шерали ака қўлбола “қопқон” ясаб қўйган. Совун кўпиги аралаштирилган сув билан тўла лаган яқинига кечаси электр лампасини ёқиб қўяркан. Ҳашаротлар ўзини ёруғликка уриб, сувга тушиб, нобуд бўлар экан.

Шерали ака дастлаб икки сотихли қўлбола иссиқхонада деҳқончилик қила бошлаган. Замонавий иссиқхона қуришга маблағи етмаган. Ёрдам сўраб, туман ва вилоят ҳокимлигига мурожаат қилгач, мутасаддилар унинг ишини ўрганган ва субсидия асосида икки сотихли иссиқхона қуриб берилган.

Иккинчи иссиқхонада ҳам турли хилдаги мева-сабзавот ва полиз экинлари етиштириляпти. Бу ерда парваришланаётган маҳсулотларнинг уруғлари барчаси хориждан келтирилган, синовдан ўтказиляпти. Натижа яхши бўлса уларни кўпайтириш режалаштирилган.

- Иссиқхоналаримдан бирида фақат тропик мевалар етиштиришни ният қилганман, - дейди Ш.Холдоров. – Бугунги кунда банан, папайя ва ананас каби цитрус меваларни ҳам синов тариқасида етиштиряпман. Аслида папайянинг бўйи 4-5 метр бўлади. Мен парваришлаётган папайянинг нави бошқача, яъни иссиқхонамизга мос пакана бўйлидир. Ўтган йили экилган кўчатнинг бўйи шу йил нишона кўрсатди.

Ш.Холдоров иссиқхонада ток кўчатларини ҳам парваришламоқда. Мақсади – қиш кунларида ҳам узумни шохидан узиб дастурхонга тортиш.

Тўлқин Сиддиқов,

Сулаймон Мардиев.