Қўшработга «ЎзМобайл» қачон келади?

UZTELECOM оператори кун сайин юксалиб бормоқда. У борган сари замонавий хизматлар кўрсатаётгани билан аҳоли – мижозлар ишончини қозоняпти.

Энг муҳими, миллий оператор сифатли ва арзон мобил алоқа хизматларини таклиф қилмоқда.

Аммо мана неча йилдирки, «ЎзМобайл» мобил алоқа хизмати Қўшработга етиб кела олмаяпти. Масалан, тумандаги Жонбулоқ маҳалласига компаниянинг мобил алоқа хизматига мўлжалланган антеннасини ўрнатиб бериш тўғрисидаги илтимосимиз битта баҳона – “ускуна йўқ”, деб бажарилмади.

«ЎзМобайл» 5G-тармоқ синовларини бошлади. Яъни, тезлиги 1 Гбит/сониягача бўлган стандартдаги интернет хизмати кўрсатишни йўлга қўяяпти.

Шунча янгилик қилаётган компания учун битта ускунани баҳона қилишига ишониш мумкинкинми? Бизнингча, мурожаатимизни масъуллар тўғри тушуниб етмаяпти.

Ахир, биз замонавий интернет хизматлари эмас, бор-йўғи миллий компаниянинг алоқа хизмати кўрсатилишини сўраяпмиз.

Ўйлайманки, сайловчиларимнинг бу мурожаати мутасаддилар эътиборига етиб боради ва тез кунларда унга ижобий жавоб оламиз.

Омон ҲАЙИТОВ,

30-Жонбулоқ сайлов округидан халқ депутатлари Қўшработ тумани Кенгаши депутати.