Нурободда кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини сотган фуқаро ушланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Нуробод тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “M.F.” МЧЖга қарашли дорихона иш ўрганувчиси О.К. харидорга инсон саломатлигига кучли таъсир қилувчи 2 дона оқ-қизғиш рангли капсуладаги дори ҳамда 5 дона “Тропикамид” дориларини 830 минг сўмга сотган вақтида ушланган.

Шунингдек, дорихонада муомалага киритиш учун сақлаб келинаётган 3 дона номаълум бўлган капсула, 7 дона “Тропикамид” ҳамда 367 дона “ЗАРДЕКС Габапентин 300 mg” номли дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Экспертиза хулосасига кўра, мазкур дори воситалари қалбакилаштирилганлиги ва уларнинг таркибида кучли таъсир қилувчи жами 113,1 грамм “Прегабалин” моддаси мавжудлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан О.К. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.