Past Darg‘omda 1500 uysiz fuqaro uyli bo‘ladi
Туман ҳокими Ш.Худойбердиев 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида бу ҳақда айтиб ўтган.
Туман ободонлаштириш бошқармасида ишлаётган аёллар, маҳалла маслаҳатчилари, қўйингки, шу пайтгача тантанали тадбирга лойиқ топилмаган 600 нафар хотин-қизлар иштирок этган тадбирда Зоҳиршоҳ Жўраев йиғилганларга маданий завқ улашди.
Туман ҳокими Ш.Худойбердиевнинг гаплари йиғилганларга янада кўтаринки кайфият бағишлади.
- Ўтган йили 8 март байрам тадбирида туманимиздаги 21 нафар боқувчисини йўқотган аёлнинг 39 нафар фарзанди меҳрибонлик уйларида тарбияланаётгани ҳақида гапириб, насиб этса, Пахтакор маҳалласидан 40 та икки сотихли уй қуриб, шароити оғир аёлларимизнинг ҳар бирига ҳеч қандай тўловларсиз бепул топширамиз, деб ваъда қилган эдик, - деди Ш.Худойбердиев. - Савоб ишга Аллоҳнинг ўзи йўл очар экан. Ваъда берганимиздек, 40 та уй эмас, 2020 йилда бюджет маблағларисиз, ҳомийлик асосида 44 хонадон қуриб битказилди. Натижада туманимизда 11 оиланинг меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган 22 нафар чин етим, 18 нафар ижтимоий аҳволи оғирлиги сабаб фарзандларини меҳрибонлик уйларига топширган аёл ва уларнинг 37 нафар фарзанди, шунингдек, турли нотурар жойларда, яъни ресторан подвалларида, гаражларда, дала шийпонларида яшаётган оғир ижтимоий вазиятдаги, боқувчисини йўқотган оилалар уйли бўлди.
Бугунги кунда туманимизда 5,5 минг оила уй-жойга муҳтожлиги бўйича бизга мурожаат қилган. Президентимиз бу муаммоларни ижобий ҳал қилишда кенг имкониятлар берди. Давлатимиз имзолаган “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан жорий йил туманда 500 та якка тартибда янги уй-жойлар қуриш ва реконстурукция қилиш учун 24 миллиард сўм ипотека кредити ажратилади.
Шунингдек, субсидия асосида нархи ўртача 250 миллион сўмни ташкил этадиган 440 хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиб, уларнинг барчаси учун ҳар бирига 15 фоизлик, яъни 37 миллион сўмлик бошланғич тўловлари давлат томонидан тўлаб берилади.
Бундан ташқари, 15 оилага ҳокимлик томонидан бепул уй қуриб берилади. Қолаверса, бошланғич тўловини тўлаш имкониятига эга бўлган фуқароларимизга яна 500 хонадонли кўп қаватли уй қурилади. Бу каби ишлар натижасида тумандаги 1500 уйсиз фуқаролар ўз яшаш манзилига эга бўлади.