Қорасувда 1680 ўринли мактаб қурилмоқда

Жорий йилда Инвестиция дастури асосида Самарқанд вилоятининг туман ва шаҳарларидаги жами 32 та мактабда 128,2 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Уларнинг 2 таси янги қурилиш бўлиб, 21 тасида реконструкция ва 9 тасида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилади.

2020 йил Инвестиция дастурига биноан, қўшимча равишда Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 65,0 миллиард сўм маблағ ажратилиб, вилоятдаги 22 та умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Бугунги кунда карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ушбу қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Айни пайтда Самарқанд шаҳри Қорасув массивида 1680 ўринли янги мактабнинг қурилиш ишлари жадал давом этмоқда. Замонавий мактаб талаблари асосида бунёд этилаётган муассаса 4 қаватли ўқув биноси, спорт заллари, футбол, баскетбол ва волейбол майдонларига эга бўлади.

Янги мактабни қуришда Президент мактаблари тажрибасидан фойдаланган ҳолда, ўқувчи-ёшларнинг пухта билим олиши, жисмонан ва маънан соғлом бўлиб вояга етиши учун барча шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилади.

Келгусида Қорасув массивида аҳолининг ортиб бориши инобатга олиниб, худди шундай янги умумтаълим муассасалари қурилиши кўзда тутилган.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.