Samarqanddagi turli millat vakillari jam bo‘lgan “Do‘stlik uyi” - respublikada yagona

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов Самарқанд шаҳридаги “Дўстлик ва нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи” биносида яратилган шароитлар билан танишди.

 

Бундай шароитга эга марказ бошқа жойда йўқ, - деди Р.Қурбонов. - Миллий маданий марказлар ва нодавлат ташкилотларнинг бир жойда фаолият кўрсатиши улар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш баробарида ҳамкорликда ишлашга ҳам шароит яратади. Бу борада қўмитамиз томонидан ҳам етарлича кўмак беришга тайёрмиз. Энди ишни янгича ташкил этиш керак.

Самарқанднинг олис қишлоқларида ҳам турли миллат вакиллари яшаб келмоқда. Улар билан учрашувлар ўтказиш, байрам тадбирларида турли кўргазмалар ташкил этиш орқали марказ фаолиятини янада жонлантириш мумкин. Муҳими, журналист ва блогерлар билан яқин алоқа ўрнатиб, тарғибот ишларини оммага таништириб бориш керак.

Шу ерда миллий маданий марказлар раҳбарлари билан давра суҳбати ҳам ташкил этилди. Улар келгусида бошқа давлатларнинг марказлари билан ҳамкорликда ишлаш бўйича ўз таклифларини билдирди.

Ҳусан Элтоев.