"Мен Ватанни куйлайман!"

Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги муносабати билан вилоят маданият бошқармаси томонидан  шу номдаги кўрик-танлов эълон қилинди.

Танлов хонандалик ижрочилиги санъати соҳасидаги маҳорати билан одамларнинг юрагига етиб борадиган, эзгуликка чорлайдиган, ёшларни ватанпарварликка ундовчи асарлар яратишда фаоллик кўрсатаётган янги овозларни аниқлаш ҳамда рағбатлантириб бориш, шунингдек, мустақилликни, Ватанни мадҳ этувчи янги қўшиқларни аниқлаш мақсадида ташкил этилмоқда.

Танловда номзодлар миллий эстрада ва анъанавий хонандалик ижрочилиги бўйича сараланади. Танлов иштирокчилари 15 ёшдан 40 ёшгача бўлиши шарт.

Иштирокчи истеъдоди ва ижро маданиятининг ўзига хослиги, бадиий маҳорати ва савияси, миллий санъатимизнинг юксак намуналаридан хабардорлиги билан алоҳида ажралиб туриши, халқимиз маънавиятини юксалтириш, мустақиллик ғояларини, мамлакатимизда амалга оширилаётган маданий-маърифий ислоҳотлар моҳиятини санъат воситасида тарғиб этишга хизмат қилиши лозим.

Кўрик-танлов ғолиблари:

1-ўрин учун 10 миллион сўм,

2-ўрин учун 7 милион сўм,

3-ўрин учун 5 милион сўм пул мукофоти, диплом ҳамда эдалик совғалари билан тақдирланади.

Кўрик-танловда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар жорий йилнинг 1 августига қадар вилоят маданият бошқармасида ташкил этилган (91) 526 75 49 телефон рақамига мурожаат қилишлари мумкин.