«Президентга ваъда бердим»
Кубаро Ҳакимова 2002 йил Самарқанд шаҳрида туғилган. 2018 йилдан буён пара енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. «Ханчжоу-2022» Пара Осиё ўйинларида олтин ҳамда 2023 йил Парижда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида кумуш медалга сазовор бўлган.
Кубаро яқинда Франция пойтахти Париж шаҳрида ўтказилган XVII ёзги Паралимпия ўйинларида пара енгил атлетика бўйича аёллар ўртасида F41 классида ядро улоқтириш бўйича 10,36 метр натижа қайд этиб, кумуш медални қўлга киритди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан кумуш медални қўлга киритган спортчиларга 100 минг АҚШ доллари, "BYD Song Plus EV Champion" автомобили ва квартира берилди.
Мусобақадан сўнг вилоят ҳокимлиги масъуллари ва жамоатчилик вакиллари Кубаро Ҳакимовани Самарқандда тантанали кутиб олди. Президент совғаси – "BYD Song Plus EV Champion" автомашинасида келган чемпионни ўзи туғилиб ўсган кўҳна кентда юртдошларимиз олқишлар билан кузатди. Кубаронинг оила аъзолари, устозларига вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
“Париж шаҳрида бўлиб ўтган XVII ёзги Паралимпия ўйинларида юксак натижаларга эришган спортчи ва мураббийлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, Кубаро Ҳакимова «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони билан ҳам тақдирланди.
- Ёшлигимдан спортга қизиқаман, - дейди Кубаро Ҳакимова. – Бундан олдин беш йил дзюдо билан шуғулланганман. Кейинчалик енгил атлетикага қизиқишим ошди ва мамлакат чемпионатларида, нуфузли мусобақаларда фахрли ўринларни қўлга киритиб, терма жамоага қабул қилиндим. Ўтган йил Парижда ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритганимда, Паралимпия ўйинларида олтин медаль олишни ният қилгандим. Лекин Париждаги мусобақалар осон бўлмади, чунки рақибларим орасида Осиё, жаҳон чемпионати ва олимпиада иштирокчилари бор эди. Шунга қарамай, кумуш медалга сазовор бўлдим. Бу – фаолиятимдаги энг катта ютуқларимдан бири. Бунинг учун мени қўллаб-қувватлаб турган ота-онамга, халқимизга раҳмат.
Билдирилган ишончни оқлаб, юртимизга ёруғ юз билан қайтдим. Айниқса, бу натижам Президент томонидан эътироф этилгани, яъни «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвонининг берилиши менга шижоат, куч-ғайрат бағишлади.
Президентимиз қўлларидан бундай юксак мукофотни олар эканман, келгусида Паралимпия ўйинларида, Осиё ва жаҳон чемпионатларида олтин медални қўлга киритиб, жаҳон ареналарида юртимиз байроғини баланд кўтаришга ваъда бердим.
Фазлиддин Рўзибоев.