Рудакий кўчаси: Кеча ва бугун

Одатда кеча ва бугун дея таққослаш учун қўлланиладиган суратларда кечаги кун ва бугунги ҳолат тасвирланади. Бу тасвирларнинг бири ижобий характерга эга бўлиши лозим. Афсуски, Самарқанд шаҳридаги Рудакий кўчаси ҳақида бундай дея олмаймиз. Мазкур кўча тартибга келиб, асфальтлаштирилгач ҳам бир ёки икки ой ўтмай, бу ерда яна қазишма ишлари олиб борилади.

Кўчадаги ҳолат, уни таъмирлашда содир бўлган хатоликлар бир неча бор жамоатчилик норозилигига сабаб бўлгач, ҳокимлик мутасаддиларининг бу масалага жиддий эътибор қаратиб, ушбу кўчада қурилиш ишлари сифатсиз бажарилгани айтилганди. Сайтимизда бу бўйича ушбу ахборот ҳам эълон қилинган.

Мана, айни кунларда қурилиши умуман тўхтамайдиган, вилоят ҳокими Э.Турдимов ўша кўчада олиб борилаётган ишларни кўздан кечираётган пайтда айтганидек, “аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган”, ўша ердаги мутасаддиларнинг бири “қирқ йилдан бери бу кўча доимий равишда кавланади”, деган фикрлари ҳамон ўз кучида.

Чунки айни кунларда ҳам мазкур кўча яна кавланган. Хабар берганимиздек, “Самарқанд шаҳрида 7 километрдан зиёд янги ичимлик суви ва оқава тармоқлари тортилмоқда”.

Ушбу қурилиш ишлари билан кўчадаги сув тортиш ишлари бир неча йилга барҳам топади, деб умид қиламиз. Ушбу вазифалар сифатли амалга оширилишидан ҳам умидимиз катта.

Гулруҳ МЎМИНОВА.