«Ҳудудгаз Самарқанд» МЧЖ мансабдор шахсларига жиноят иши кўзғатилди
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар давомида 84 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) бўйича 2019 йил январь-октябрь ойлари давомида сотилган табиий газ миқдорлари шартномаларда белгиланган лимит миқдори билан ҳақиқатда олинган ҳисобварақ фактуралар ўзаро солиштирилди.
Натижада газ таъминоти идоралари мансабдор шахслари томонидан «Табиий газ етказиб бериш ва қабул қилиш тўғрисида»ги қўшимча шартномалар тузмаган ҳолда жами 24 101 102 метр куб ҳажмдаги табиий газ лимитдан ортиқча истеъмол қилингани, ушбу лимитдан ортиқча олинган ҳар бир метр куб табиий газ учун белгиланган коэффициентлар қўлланилмаганлиги натижасида жами 8 миллиард 651 миллион 258 минг сўм миқдорда тўловлар кам ҳисоблангани аниқланган.
Шунингдек, «Ўзтрансгаз» ва «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамиятлари мансабдор шахслари томонидан тегишли тартибда рухсатнома берилмаган бўлса-да, Самарқанд вилояти бўйича ҳудудий газ таъминоти филиали томонидан 2019 йилнинг январь-октябрь ойларида вилоятда фаолият кўрсатаётган жами 46 та АГТКШлари умумий ҳисобда 2.497.608 метр куб ҳажмдаги табиий газ билан ноқонуний равишда таъминланиб, ўзгаларнинг 842 миллион 854 минг сўмлик, кўп миқдордаги мулки растрата йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.
«Ҳудудгаз Самарқанд» маъсулияти чекланган жамияти мансабдор шахслари ўз ваколатини суиистеъмол қилиб, етказиб берилаётган табиий газ ҳажмини ўз вақтида истеъмолчилар ҳисобига олиб борилишини таъминламасдан, 2019 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига истеъмолчиси аниқланмаган нореал қарздорликнинг 363 миллирад 155 миллион 500 минг сўм бўлишига ва давлат манфаатларига кўп миқдорда зарар етказилишига сабабчи бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси катта суриштирувчиси, 1-даражали юрист У.Юлдашев томонидан «Ҳудудгаз Самарқанд» маъсулияти чекланган жамияти мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми“а” банди (ўзганинг мулкини ўзлаштириш йўли билан жуда кўп миқдорда талон-торож қилиш) ва 205-моддаси 2-қисми “а” банди (мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш йўли билан жуда кўп миқдорда зарар етказиш) билан жиноят иши кўзғатилиб, тегишлилиги буйича Самарқанд вилояти прокуратурасига тергов ҳаракаталарни ўтказиш учун юборилган.
МИБ Самарқанд вилояти бошқармаси.