Самарқанд шаҳридаги 11 маҳаллада раис йўқ
Самарқанд вилояти ҳокими томонидан тасдиқланган Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Пахтачи туманларидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятини ўрганишга оид чора-тадбирлар режасига кўра шу ҳудудлардаги маҳаллалар фаолияти танқидий ўрганилди.
Жумладан, Самарқанд шаҳрида бугунги кунда 208 та ўзини ўзи бошқариш органлари фаолият юритиб, ҳар бир маҳаллага раис, масъул котиб, посбон, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар бириктирилган.
Бироқ шаҳардаги 18 маҳаллада - Гуллар боғи, Камолиддин Беҳзод, Геологлар, Ширин, Рудакий, Боғдод, Камолот, Нодирабегим, Гулбаҳор, Алишер Навоий, Хўжасоат, Сартепа, Олтин аср, Шукрона, Ал-Фаробий, Увайсий, Ҳаётобод, Боғичинор, маҳалла фуқаролар йиғинлари ўз биносига эга бўлмагани боис уларда фаолият юритиш учун шароит йўқ. Илғор, Зулфия, Боғи Темур, Аҳмад Яссавий, Анҳор, Сиёбча, Майсазор, Темирйўлчилар, Суғдиёна, Гулистон, Машъал, Лохутий, Семурғ, Навбоғчиён, Катт ариқ ва Чилқудуқ маҳаллалари бинолари таъмирталаб.
Гулистон маҳалласи раҳбарлари ҳудуддаги тадбиркордан биттагина хонани ижрага олиб фойдаланмоқда. Бу ерда иситиш тизими мавжуд эмас. Мазкур маҳалла маркази биноси қурилиши 2016 йил режалаштирилган бўлиб, ҳалигача ишлар охирига етказилмаган.
Ўттиздан зиёд маҳаллаларда мебель жиҳозлари етишмайди, компьютер жамланмалари эскирган ёки яроқсиз ҳолга келиб қолган. Зарур шарт-шароит яратилмагани сабабли маҳаллаларда муаммолар йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Шаҳарда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир этувчи ҳолатлар, жумладан, эрта туғруқ, ўз жонига қасд қилиш, шаърий никоҳ қайд этилган ҳолатлар ҳам қайд этилмоқда.
Назоратнинг камлиги, аҳоли ўртасида умумпрофилактик тадбирлар ўтказилмаётганлиги сабаб ҳудудларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар кўпайган. Хусусан, 36 (17,3 фоиз) маҳаллада жиноятлар 2017 йилга нисбатан ошган. Энг кўп жиноят Мустақиллик (40 та), Афросиёб (30 та), Сиёбча (25 та), Боғи Темур (20 та), Фидойилар (19 та) маҳаллаларида содир этилган.
Ҳатто, маҳалла раисларининг ўзи жиноятга қўл ураётир. Мисол учун Али Јушчи маҳалласининг собиқ раиси ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, Беруний кўчасида яшаган, марҳум А.Петровга тегишли хонадонни ўз номига расмийлаштириб олган.
Бундан ташқари, маҳалла ходимлари, айниқса, масъул котиб ва маҳалла посбони жамоатчилик тузилмаси раҳбарлари орасида қўнимсизлик, яъни бир йил ҳам ишламасдан вазифасидан кетиш ҳолатлари кўп учраяпти. Айни пайтда шаҳарда 11 маҳалла раиси, 3 масъул котиб, 27 маҳалла посбони жамоатчилик тузилмаси раҳбари вазифаси вакант бўлиб турибди.
Ўрганиш давомида шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинларида иш ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, муаммолар кенгаш ва вакиллар йиғилишларида муҳокама этилмаётгани, тегишли манфаатдор ташкилотларнинг ҳисоботлари эшитилмаётгани аниқланди.
Сартепа, Янгиқўрғон, Орзу, Зулфия, Истиқлол, Катта ариқ, Наврўз, Чилқудуқ, Мададкор, Боғи Темур, Аҳмад Яссавий, Сиёбча, Темирйўлчилар маҳаллаларидан фуқароларнинг мурожаатлари кўпайган, такрорий мурожаатлар қайд этилган.
Аксарият маҳалла фуқаролар йиғинларининг 2019 йил учун иш режаси ишлаб чиқилмаган. Лоҳутий, Аҳмад Яссавий, Анҳор, Алишер Навоий, Кулоллар, Матонат маҳаллаларида раис билан маҳалла профилактика инспектори, посбон ва мутахассис ҳамкорлиги талаб даражасида йўлга қўйилмаган.
Ўрганишлар жараёнида ҳудуддаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан йўналишлар бўйича маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан мутасадди ташкилотларга турли мурожаат, илтимоснома, ариза ва тақдимномалар киритилган. Бироқ ушбу мурожаатлар аксарият ташкилот, муассаса ва идоралар томонидан эътиборсиз қолдирилгани маълум бўлди. Хусусан, Мотрид маҳалла фуқаролар йиғини томонидан вилоят “Сувоқова” ДУК бошлиғига қувур ёрилиб, ичимлик суви 1,5 ой давомида оқиб, қабристон биноси ва ҳудудга зиён етказаётгани тўғрисида хат билан чиқилган. Аммо ушбу масала қисман бажарилиб, ишлар охирига етказилмаган.
Ўрганишлар давомида фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун Нафосат, Ипак йўли, Шодлик маҳаллалари раислари, Катта ариқ, Дарғом, Алишер Навоий, Наврўз, Ипак йўли маҳаллалари масъул котиблари эгаллаб турган вазифаларидан озод қилинди.
Ўрганиш якунлари бўйича шаҳардаги мутасадди ташкилотлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирокида ўқув-семинар ташкил этилди. Аниқланган камчилик ва муаммолар муҳокама этилиб, уларни бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси”га киритилди.
Б.НАСРИЕВ,
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Самарқанд вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари.