Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 2019 йилнинг I чорагида 9,4 фоизни ташкил этди

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги меҳнат ресурсларини ҳисоблаш, аҳоли бандлиги даражасини белгилаш, бандлик бўйича ҳаққоний маълумотга эга бўлиш учун уйма-уй юриб ўрганиш, шунингдек, ишга муҳтож аҳоли сонини аниқлаш масалаларини янги методика асосида амалга оширмоқда, деб хабар беради Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати.

Текширув натижалари шуни кўрсатдики, ижтимоий фаол аҳолига нисбатан ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2018 йилнинг январь-декабрига (9,3 фоиз) нисбатан 0,1 фоизга кўп, бироқ 2018 йилнинг январь-март ойларига нисбатан 0,3 фоизга пастроқдир. Энг юқори ишсизлик даражаси 9,7 фоиз билан Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида қайд этилган бўлса, энг паст кўрсаткич Тошкент шаҳрида (8,0 фоиз) аниқланди. Ишга муҳтож аҳоли сони 1 391,1 минг кишини ташкил этди. Ишсизлик даражаси 30 ёшгача бўлган ёшлар орасида 15,3 фоизни, шундан 15-25 ёшлилар ўртасида 17,1 фоизни, аёллар ишсизлиги эса 13,0 фоизни кўрсатди.  

Меҳнат ресурслари миқдори меҳнатга лаёқатлилар сонининг 183,2 минг кишига ортгани ҳисобига 18 953,8 минг аҳолини ташкил этди. Бу 2018 йилнинг январь-март ойларига нисбатан 1 фоизга кўп.

Бундан ташқари, 2019 йилнинг январь-март ойларида меҳнат органларига 173 265 шахс (улардан 61 880 нафари 16-30 ёшдашилар) мурожаат қилган. Мурожаатчиларнинг 61 983 нафари ишга жойлаштирилган, 49 016 нафари жамоат ишларига жалб этилган, 6 977 нафари касбий тайёрловга йўналтирилган, 3 863 нафарига ишсизлик нафақаси тайинланган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан кенг кўламли таҳлиллар ўтказиш, меҳнат ресурслари сони ва сифатини холис баҳолаш, шунингдек, аҳоли бандлиги ва ишга жойлашувини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигига эришиш мақсадида меҳнат бозорини мунтазам текшириб бориш ишлари давом эттирилмоқда.