Фожиадан "пиар" ясамайлик!

Дўстларим ўзимизнинг телекўрсатувларини кўрмаймиз, дейишса, беписандликка йўярдим... Имконим бўлиб, ток-шоулар, кўнгилочар кўрсатувларни кузата бошладим ва улар нега бу дастурлардан энсаси қотишини тушунгандай бўлдим...

Деярли барча телеканалларда кўрсатувлар формати бир хил, мавзулар ҳам. Кўнгилочар дастурлар, ток-шоулар, ҳужжатли фильмлар бир пайтда, битта муаммони, турли бошловчилар томонидан тақдим этишади.

Ачинарлиси, ҳозирда айрим машҳур телебошловчилар ҳам студияда "бақир-чақирлар" билан дастур рейтингини кўтаришга интилаётганга ўхшаб кетади.

Мисол учун, турмуши дарз кетган ё шу жараёндаги эр-хотинлар оилавий сирларини аямасдан бутун дунёга достон қилаётганига уялиб кетасан киши. Камига муаммони тагига етиш, вазиятни аниқлаштириш учун яна яқин қариндошлар — қайнона, қайнота ва шу каби кишилар ҳам дастурга жалб қилинади... Улар студияда аёвсиз жанжаллашади, бир-бирини айблайди.

Камига дастур якунида ҳам бир хулосага келинмайди, мутахассислар томонидан йўл-йўриқ кўрсатилади, холос. Айтиб бўлмайдиган гаплар билан дунёга жар солинади, лекин якун самарасиз!

Турмушда нималар бўлмайди, ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин, буни бутун дунёга жар солиш керакми? Кошки бу каби ҳодисалар камаяётган бўлса, аксинча, кўпайяпти. Бу шов-шувли дастурларнинг натижаси бўлса, ажабмас! Фожиалардан пиар ясалаётгандек, гўё...

Кўнгилочар дастурлардаги актёр ва актрисаларнинг нутқи, хатти-ҳаракатларидан ҳам кўнглингиз қолиб кетади. Бачкана, бир-бирини ҳурмат қилмайди, хурмача қилиқлар ва ҳоказо. Адабий тил нормалари ҳам бу пайтларда "дам олаётган" бўлади.

Устозларимиз телевидение, радионинг энг дастлабки ва асосий шарти — нутқ ва адабий тил, деб ўргатишган. Тўғри, телевидение учун ҳусн, қадди-қомат ҳам албатта керак, лекин булар энг асосийси эмас! Мазмун-моҳият бирламчи, шаклу шамойил эмас!

ТВда иш бошлаган пайтларимизда битта сўзни тўғри талаффуз қилиш ёки лавҳа матни (сюжет матни) учун устозларимиздан кўп танбеҳ эшитардик, кўп машқ қилардик, такрорлардик, таҳрирлардик ва ҳоказо. Бугун тележурналистика қоидалари бошқача бўлиб кетиб, биз бехабар қолдикмикан, деб ўйлаб қоляпман, рости. Нима қилиб бўлса ҳам машҳур бўлиш, йўқ "тренд"да бўлиш, одамларнинг эсида қолишми?

ТВнинг тарбиявий аҳамияти бугун интернетникини ортда қолдирса ҳам, кўпчилик барибир уни кўради. Биз ҳам ҳамма қатори, масалан, кечки пайтларда оилавий томоша қиламиз. Овқатланаётган пайтимиз айнан ана шу ток шоулар эфир вақтига тўғри келаркан.

Ўғлим,бир куни "Нега шу жанжалларни томоша қиласиз, нимаси қизиқ?", деб норози бўлиб сўраб қолганида жавоб беришга қийналиб қолдим, рости...

Сизларда ҳам шундайми?

Гулчеҳра Бердиёрова.