Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қадимги туркий-руний ёзувларининг ватани – Ўзбекистон

Дарҳақиқат, «номаълум ёзув» Ўрта Осиёнинг жануби  й-шарқий қисми ва Афғонистоннинг шимолий-ғарбида шаклланган кўринади. Бу ёзув ёдгорликларининг тарқалиш минтақаси «Иссиқ» қўрғони ҳудуди ва Еттисувдан жанубга, то Ҳиндикушгача, шарқдан шимолий Афғонистонгача, ғарбдан шарқий Туркманистонгача ёйилган. Фаолият доираси эса милоддан аввалги III асрдан милодий VIII асргача бўлган даврни ўз ичига олади.

1978 йилда Афғонистон ҳудудидаги археологик изланишлар пайтида қадимги Ойхонум шаҳрида – яна милоддан аввалги II асрга хос яна бир битик топилган. В.А.Лившиц «Иссиқ ёзуви»га ўхшаш бу битикни VII-VIII асрларга хос деб қарайди. Худди шу ёзувда битилган ёдгорлик Туркманистон (марв)дан ҳам топилган.

Хуллас, илм-фанда олимлар ўртасида VI-VIII асрларга хос туркий-рун (урхун-енисей) битикларининг илк бор топилганида унинг ёзуви, тили, юзага келган даври, ўрни ва тарқалиш ҳудудлари каби масалаларда мунозарали  фикр-мулоҳазалар анча вақт давом этгани каби Марказий Осиёдан топилган қадимги битиклар «номаълум ёзув»лар номи билан қайси тилга тегишлилиги ҳақида ҳам ана шундай мунозаралар давом этди. Шу боис юқорида қайд этилган фикрлар ва маълумотлар турличадир.

Шунга қарамасдан, ўзбек ёзувшунослари «номаълум ёзув»ларни ўрганишни давом эттириб, ҳақиқатга яқин фикрларни айтмоқда. Насимхон Раҳмонов ва Боқижон Матбобоевларнинг фикрича, «Иссиқ ёзуви»ни ўрганиш, татбиқ этиш шуни кўрсатадики, у Марказий Осиё туркий-руний ёзувининг илк намунаси, ҳарф ва товуш (фонографик) ёзувининг мукаммал кўринишидир.

Буни Марказий Осиёнинг кўпгина ҳудудларидан, жумладан, ўтган асрнинг 80-йилларида Бақтрия давлати ҳудуди (Сурхондарё)дан, хусусан, Фарғона водийсидан, айниқса, Кампир тепа, Кўҳна Термиз, Қўштепа каби кўплаб ҳудудлардан топилган битиклардаги ёзув намуналари «Иссиқ ёзуви» анъанавий равишда давом этганини тасдиқлайди.

Жумладан, машҳур турколог И.Кизласов туркологияда янги фикр айтган эди. У «Исфара ёзуви»ни бутун Ўзбекистон ҳудудидан топилган туркий-рун ёзувлари учун асос бўлган, деб қараган. Исфара дарёси соҳилидан топилган ёзув ёдгорликлари, хусусан, туркий-рун ёзувлари топилган жойлар Фарғона водийси номи билан тилга олинади. Демак, Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон ҳам туркий-руний ёзувининг ватани бўлган, деган мулоҳаза ҳақиқатга яқиндир.

Усмон САНАҚУЛОВ,

филология фанлари доктори, профессор.