Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қадимги туркий-руний ёзувларининг ватани – Ўзбекистон (2-қисм)

Туркий-рун ёзувларига тегишли фикр-мулоҳазалар «Иссиқ ёзуви»дан олдинроқ, 1954 йилда француз археологи А.Марик томонидан бир идиш парчасида битилган ёзув асосида қилган тадқиқотидан бошланди. Бу битик илк бор «номаълум ёзув» номини олган. 1966 йилда Г.А.Пугаченкова ҳам Холчаёндан номаълум ёзув лавҳасини топади. Бу ёзув ҳам анча вақтгача ўқилмай, номаълумлигича қолди. 1967 йилда франциялик геолог А.Бутнер Афғонистон ҳудудидаги (Қобулдан 70 километр шимолий-ғарбда) Дашти Навур қоясига ўйиб битилган катта ҳажмдаги номаълум ёзув намунасини топган.

1969 йилда Ж.Фюсман бу битикни ўқишга киришади. Унинг фикрича, бу битик милодий биринчи асрга тегишли бўлиб, у уч тилда, яъни юхарошта, юнонча графика асосидаги бақтарча ва номаълум тилда ёзилган эди.

Бақтар ёзуви эса 279 йилда битилганлиги кўрсатилган экан. Санкт-петербурглик олим «номаълум ёзув» ҳақида фикр билдириб, уни милоддан аввалги V-IV асрларга хос бўлган «Иссиқ ёзуви»ни ўзида гавдалантиради, деб ҳисоблайди.

Машҳур тилшунос олим Ж.Фюсман бу хат ўнгдан чап томонга қараб ёзилишини, Сурх-Котал ва Холчаён ёзувлари билан бир эканлигини исботлайди. 1972 йилда археолог К.Акишев машҳур «Иссиқ» қўрғонидан топилган милоддан аввалги IV-III асрларга тегишли кумуш косага битилган ёзувни аниқлайди. Тилшунослар эса уни ҳам «номаълум ёзув» сирасига қўшадилар. Бу ёзувнинг битилган даври ва ўқилишида мутахассислар орасида ҳар хил фикрлар бўлса-да, «Иссиқ» қўрғони тарихи милоддан аввалги III асрдан кам эмаслиги масаласида иккиланиш бўлмади. «Иссиқ ёзуви» “номаълум ёзув” тарқалган тарихий-маданий минтақалар географиясига ҳам аниқлик киритди. Бу ёзув намуналари жанубий Ўзбекистоннинг Хотинработ, Қоратепа, Фаёзтепа, Тўққизтепа, Кампиртепа, Шимолий Афғонистоннинг Ойхонум битик ёдгорликларида акс этган.

«Иссиқ ёзуви» («номаълум ёзув») ёдгорликларини академик Э.В.Ртвеладзе юечжи қабилалари билан боғлайди. В.А.Ливҳиц эса сакларга тегишли, дейди. Шу билан бирга, «Иссиқ» ёзуви Кушон империяси ёзув тизимининг расмий шаклларидан бири, деган хулосага келади. Кейинги йилларда тадқиқотчилар бу ёзув энг қадимги туркий ёзув бўлиши керак, деган фаразларни ўртага ташлади. Масалан, А.С.Осмонжўлов «Иссиқ ёзуви” туркий ёзув эканлигига шубҳа қилмайди.

Э.В.Ртвеладзе «номаълум ёзув» тилини аниқлаш атрибутикасига тузатишлар киритади. Ҳар ҳолда «номаълум ёзув»нинг тарқалиш географияси ҳам унинг юечжи номли туркий қабилаларга мансублигига шубҳа уйғотмайди, дейди. Чунки юэчжи қабилалари туркий бўлиб, аслида Марказий Осиёда (Туркистон ва Қанғ, Даван давлатларида ҳам) яшаганлиги, уларнинг қариндошлари хуннларнинг сиқуви остида аввал Еттисувга, сўнг Бақтрияга келиб қолганлиги тарихий манбалардан маълум. Э.В.Ртвеладзенинг ёзишича, «номаълум ёзув»нинг асосий ватани Тоҳаристон бўлиб, давр жиҳатидан милоддан аввалги V-IV асрдан милодий VII-VIII асрларни қамраб олади.

Усмон САНАҚУЛОВ,

филология фанлари доктори, профессор.

***

(Давоми бор).