Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тажрибали журналист Ғайрат Шукуров вафот этди

Ҳамкасбимиз, етук журналист, тажрибали матбуот ходими Ғайрат Шукуров 23 февраль куни 84 ёшида вафот этди.

Ғ.Шукуров 1937 йилда Каттақўрғон шаҳрида таваллуд топди.

Шаҳардаги ўрта мактабда таҳсил олиб, 1956-1961 йилларда Самарқанд давлат университетининг филология факультетида ўқиди.

Меҳнат фаолиятини “Зарафшон” (ҳозирги “Каттақўрғон тонги”) газетасида мусаҳҳиҳликдан бошлади. Кейинчалик мухбир, бўлим мудири бўлди.

1994 йилда Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигининг “Каттақўрғон тонги” газетаси ташкил этилишида жонбозлик кўрсатди ва ўзи ушбу таҳририятни 15 йил бошқарди, кўплаб ёш мухбирларга устозлик қилди.

Ғ.Шукуров Каттақўрғон шаҳри, шунингдек, бу ерда яшаб, ижод қилган ёзувчи ва шоирлар тарихи синчиклаб ўрганган ижодкор эди, шу каби мавзуларда бир неча публицистик китоблари чоп этилган.

Замондош ва ҳамфикр ҳамкасблари ҳамда шогирдлари номидан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор қиламиз.

Тажрибали қаламкаш, ўз касбига содиқ, камтарин инсон Ғайрат Шукуров хотираси қалбимизда абадий яшайди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими,

«Зарафшон» ва "Самаркандский вестник" газеталари таҳририяти жамоаси.