Покистонда Самарқанднинг тарихий ёдгорликлари ҳақида фильм намойиш қилинади
Меҳмонларни вилоят ҳокимининг ўринбосари Б.Нуруллаев ҳамда вилоят оммавий ахборот воситалари вакиллари кутиб олди.
Мазкур компания Покистоннинг коммуникация, реклама ва ахборот хизматларининг энг йирик тармоғи ҳисобланади. Улар ташрифининг асосий мақсади вилоятимиздаги мавжуд қадамжо ва тарихий обидалар ҳақида фильм яратиш. Бу орқали эса покистонлик сайёҳлар сонини ошириш, вилоятимизнинг эркин иқтисодий зоналарига инвестиция киритиш ва ҳамкорликда ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш, энг муҳими, товар айирбошлашни юқори даражага олиб чиқишдан иборат.
- Юртингизга ташрифимиз фақат бир мақсадга қаратилган, у ҳам бўлса дўстона ҳамкорликда ишлаш ва истиқболли режаларни амалга ошириш, - дейди "MIDAS Group" компанияси раҳбари Ашфақ Аҳмад Гондал.
- Бунинг учун республикангизнинг ҳар бир ҳудудида етарли шароит бор. Энг муҳими, давлатингиз раҳбари билдираётган ишонч ва бераётган имкониятдан мамнунмиз. Биз Тошкент, Бухоро ва Хоразмда ҳам бўлдик ва шунга амин бўлдикки, Самарқанднинг маҳобатли ва жозибали обидалари бошқа жойда учрамайди. Урф-одат ва анъаналари, айниқса, нонларининг таъми таҳсинга лойиқ.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.