Самарқанд шаҳридаги боғчаларда аутсорсинг тизими жорий этилди

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Тошкент шаҳрида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари билан сифат талабларига ва санитария-гигиена нормаларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ишлари эксперимент тарзида амалга оширилди, яъни аутсорсинг тизими йўлга қўйилди.

– Мазкур тизим кутилган натижани берди ва ўзини оқлади, – дейди Самарқанд вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Н.Саъдинова. – Шу боис вилоятимизда ҳам аутсорсинг тизимига босқичма-босқич ўтишга киришдик. Вилоят ҳокими томонидан 2018 йил 24 сентябрда “Самарқанд шаҳрида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларида тажриба тариқасида аутсорсинг тизимини жорий қилиш тўғрисида” қарор қабул қилинди. Ушбу қарорга кўра, шаҳардаги давлат мактабгача таълим муассасаларида тарбияланаётган болаларнинг сифатли овқатланишини ташкил этиш мақсадида уларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб берувчи тадбиркорлик субъектлари тегишли танлов комиссия томонидан ўрганилди. Белгиланган талабларга жавоб берадиган корхоналар танланиб, 1 ноябрдан Самарқанд шаҳридаги барча давлат мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчилар аутсорсинг тизими орқали овқатлантирилмоқда.


 

Айни пайтда Самарқанд шаҳридаги 96 мактабгача таълим муассасаси ошхонаси 14 нафар тадбиркорга ноль қийматда берилган. Улар ошхоналардаги мавжуд ускуна ва идиш-товоқлардан фойдаланиш билан бирга, белгиланган меъёрлар бўйича қўшимча жиҳозлаш чораларини кўрмоқда.

–  Шаҳардаги 13 мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиларини овқатлантиришни зиммамизга олганмиз, – дейди “Болалар келажак ошхонаси” оилавий корхонаси раҳбари Дилшод Тошмуродов. – 70 нафар ишчимиз бор. Озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий қисми ўзимизнинг фермер хўжаликларимиз ва хусусий корхоналаримизда тайёрланади. Фақатгина нон ва нон маҳсулотларини бошқа ташкилотлардан харид қилаямиз. Лекин келгусида кичик цех ташкил этиб, бу маҳсулотларни ҳам ўзимиз тайёрлашни режалаштирганмиз. Бугунги кунда ҳар бир боланинг кунлик овқатланиши 7800 – 7900 сўм миқдорида тўғри келмоқда.

– Шу пайтгача боғчага келишим билан аввало ошхонада нима тайёрланаётгани, маҳсулотлар етарлими-йўқми, болалар қандай овқатланаётгани билан қизиқардим – дейди 94-мактабгача таълим муассасаси раҳбари Сурайё Ғафурова. – Энди эса бу ташвишлар “Ҳикматилло” масъулияти чекланган жамияти зиммасида. Корхонанинг тўрт нафар ходими белгиланган СанПин меъёрлари бўйича кунлик таомнома асосида овқатларни тайёрлаяпти. Муассаса ҳовлисида кунлик таомнома ёзиб қўйилади. Ота-оналар ҳам, ўзимиз ҳам танишиб борамиз. Бу тизим биз учун жуда қулай экан. Асосий вақтимиз, диққат-этиборимизни болалар таълим-тарбиясига қаратяпмиз.

Янги тизимнинг қанчалик самарали ишлаётганини ўрганиш мақсадида вилоят мактабгача таълим бошқармаси ва шаҳар бўлими қошида мониторинг гуруҳлари ҳам тузилган. Уларнинг кунлик ўрганиш натижалари таҳлил этиб борилмоқда.

Ғ.ҲАСАНОВ.