Икки ойлик боламга китоб олганман
![](https://static.zarnews.uz/crop/2/2/720__80_229bb00bdabdfce01025bb950e9d306e.jpg?img=self&v=1739342790)
Ҳар бир аёл зиммасида фарзандга чиройли тарбия бериш, илм ўргатиш вазифаси бор. Бу масъулиятни бажариш учун биздан сабр, меҳр-муҳаббат ва илм талаб этилади. Афсуски, бу вазифани ҳаммамиз яхши уддалай олмаймиз.
Илмий изланишлар шуни кўрсатадики, фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни муҳим, лекин онанинг таъсири нисбатан юқорироқ. Айниқса, фарзанд 3 ёшгача онанинг парвариши ва тарбиясига муҳтож ва унинг ўрнини ҳеч ким боса олмайди.
Бугунги кунда ҳаётимизга ҳам эрта таълим тушунчаси кириб келмоқда. Болани 3 ёшгача физиологик жиҳатдан соғлом, касал қилмасдан ўстириш энг яхши ва нормал болалик йиллари ҳисобланади. Шу уч йилда бола миясининг 80 фоизи шаклланади ва бу унинг келажагини белгилайди. Бу даврда бола ҳар қандай маълумотни ҳеч қандай қийинчиликларсиз қабул қилади, яъни мия фақат такрорлаш эвазига маълумотларни ўзлаштириб олади. Мен ҳам ёш онаман, фарзандим бир ярим ёшда. “Билингуал” услуби асосида қизимнинг тили шаклланяпти. Бу даврда бола мияси тил ўрганишга жуда чанқоқ бўлади ва 5 ёшгача 4 та тилни ҳеч қандай қийинчиликларсиз ўргана олади. Биз инглиз ва ўзбек тилларини (оилада тожик тилида сўзлашамиз) танлаганмиз, “билингуал” услубда бола тарбиялаш жараёни ўзига яраша қоидалар ва эҳтиёткорликни талаб этади. Агар усул тўғри қўлланилса, бола тилида ҳеч қандай кечикиш, икки тил ўртасида чалкашлик юзага келмайди. Энг асосийси, бола тилни фақат эшитиш, кундалик мулоқотлар такрорлаш эвазига ўрганиб олади. Инглиз тилини билганим ва уни фарзандимга эрта ёш даврида ўргатаётганим она сифатида фарзандимга бераётган энг катта ёрдамим деб ўйлайман. Ҳозир бўш вақтимизни кутубхонада ўтказамиз.
Қизимга илк китобларини икки ойлигида харид қилганман ва булар оқ-қора карточкалар эди. Беш ойлигида эса шиқирлайдиган юмшоқ китобларни харид қилгандим. Бу даврда овоз чиқариб, ролларга кириб ўқиб берардим. Секин-секин қаттиқ муқовали китоблар харид қиладиган бўлдик. Стипендиямнинг ярмини шунақа ривожлантирувчи китобларга сарфлардим. Ҳаракатларимиз бесамар кетмаганини ҳозирдан кўра бошладим. Қизим бир ярим ёш бўлганда унинг китобга меҳри ошганини ҳис қилдим, нутқи жуда яхши ривожланяпти ва китобни кўриши билан олиб келиб мендан ўқиб беришимни сўрайди. Китоб сотиб олганимда мендан ажабланганлар, ёш боланинг бошини қотирма дейдиганлар жуда кўп бўларди. Ҳатто ўзим ҳам бир ёшли қизимга китоб олишим керак деб атрофдагиларга айтишга уялардим. Чунки жамиятимизда бундай қарашлар ҳали янги, айримлар учун эса умуман ғалати тушунча. Ҳозир натижани кўраман-у, тўғри йўлда эканлигимдан хурсанд бўламан. Бугунги кунда кутубхоналарда ёш болали оналарни кўп учратамиз ва бундай кутубхоналар сони янада кўпайишини, ҳар бир вилоят, туманга етиб боришини истардим.
Дунёни энди таниётган болани гаджетларга боғланиши ўз-ўзидан юзага келмайди, бола олдида телефон эмас, китоб варақланг, кўпроқ илмий суҳбатлар қуринг. Бу виртуал оламда болани китобга қизиқтириш ҳам бир мушкулот ва буни эплаётган оналарга йўқ эмас.
Маржона САМАДОВА.