Корхоналар электр энергиясидан тўғри фойдаланяптими?
![](https://static.zarnews.uz/crop/b/6/720__80_b6f7e8962c4d61554c9a14784ea835a9.jpg?img=self&v=1739334635)
Республика бўйича мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ томонидан вилоятимизда энергия самарадорлигига эришишни таъминлашга қаратилган илмий-техникавий ўрганишлар давом этяпти.
Бош прокурор ўринбосари Ш.Аминов етакчилигидаги ишчи гуруҳ ўрганишлар давомида вилоятда энергетика тизимини яхшилаш, энергия ресурсларини талон-торож этилишининг олдини олиш, ўғирликларни фош қилиш ҳамда энергия самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Хусусан, Самарқанд туманидаги “Gulobod Eko Agrologistika Bozori” МЧЖга тегишли бозор ҳамда “Ilonsoy Loman Parranda” фермер хўжалиги фаолияти билан танишилди. Шу билан бирга, Оқдарё туманида жойлашган “Оҳалик олтин боғи меваси” МЧЖга қарашли ниҳол етиштиришга мўлжалланган иссиқхона, Тойлоқ туманидаги “MITRA” МЧЖга тегишли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси, Жомбой туманидаги “Maroqand meva sabzavot”, “DIAMOND GLASS”, Каттақўрғон шаҳридаги “Классик мотор”, Булунғур туманидаги “Sam Fruit Bio” МЧЖларнинг энергия ресурсларини иқтисод қилиш борасида олиб бораётган ишлари ўрганилиб, ресурслардан самарали фойдаланиш, уларни талон-торож этилишининг олдини олиш бўйича керакли тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, Нуробод туман электр тармоқларига қарашли “Улус” ва “Собирсой” нимстанциялари, Қўшработ туманидаги “Пичот” нимстанциясида истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш аҳволи кўздан кечирилиб, масъулларга зарур топшириқлар берилди.