Самарқанд вилояти прокурори пайариқлик ёшларга нима деди?

Кеча Самарқанд вилояти прокурори Фарҳод Зуфаров Пайариқ туманида истиқомат қилаётган ёшлар билан учрашди.

- Бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшлар учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда, - деди вилоят прокурори. - Ушбу йўналишда ўтган йили вилоят прокуратураси, ҳокимликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, биргина “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури доирасида 2019 йилда 100 миллиард 757 миллион сўм кредитлар тадбиркорлик билан шуғулланаётган ёшларнинг 372 та лойиҳасини амалга ошириш учун йўналтирилиб, 1096 та янги иш ўринлари яратилган. АТ Халқ банки Пайариқ ва Челак филиаллари томонидан 23 та лойиҳага 6 миллиард 714 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Шунинг натижасида ушбу лойиҳалар ҳисобидан 79 та иш ўринлари яратилишига эришилди.

Бироқ шу билан бир қаторда баъзи ёшлар томонидан ушбу имкониятлардан самарали фойдаланмасдан, турли жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қўл уришмоқда. Бу каби салбий ҳолатларни келтириб чиқараётган асосий омиллардан бири ёшларимизнинг ўзбошимчалиги, ёши катталарнинг сўзларига кирмаслик ва бўш вақтини мазмунли ташкил этилмаётганлиги билан изоҳлаш мумкин.

Шу боис ўтган йили ёшлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида бир қатор профилактик тадбирлар ташкил этилди. Натижада, йил якунига келиб ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар 33,6 фоизга ёки 532 тага (1584 - 1052) камайишига эришилди. Бу кўрсаткич Пайариқ туманида 32.2 фоизга ёки 27 тага (74 - 47) камайган.

Бироқ вилоятда яна бир нохуш ҳолат борки, у ҳам бўлса, ўтган 2019 йилнинг 11 ойи давомида 26 180 та никоҳ қайд этилиб, 1970 та, асосан ёшлар ўртасида ажримлар юз бергани ачинарли. Пайариқ туманида эса 2019 йилда 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида 1422 та никоҳ, шу билан бирга 229 та ажримлар қайд этилган.

Вилоятда 71 657 нафар 30 ёшгача бўлган ёшлар турли мақсадларда хорижий мамлакатларга чиқиб кетган. Улар орасида хотин-қизларнинг борлиги бизни ташвишга солади.

Аслида вилоятимизда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида олдимизда улкан вазифалар мавжуд. Буларни амалга ошириш борасида вилоят прокуратураси сектори ҳисобланган Пайариқ, Иштихон, Қўшработ туманлари ва Каттақўрғон шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинларида ва таълим муассасаларида истиқомат қилувчи ёшлар билан очиқ мулоқотларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича режа-жадвал тузилди.

Вилоят прокуратураси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ўртасида ёшлар масалаларига доир ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Бугунги учрашув очиқ мулоқот тарзида ўтказилади ва тортинмасдан сизларни қийнаб келаётган муаммо ва масалалар юзасидан мурожаат қилишингиз мумкин бўлади. Биз имконият даражасида ушбу масалаларни ижобий ҳал этишга киришамиз.

Мулоқотда иштирок этган йигит-қизлар ўзларини қийнаб келаётган муаммолар ва пайариқлик ёшлар ҳаёти билан боғлиқ таклифларини билдиришди.

Кўтарилган масалалар бўйича тегишли идора ва ташкилот раҳбарларига зарур топшириқлар берилиб, амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар белгилаб олинди.